Дунёда камида 7 минг нафар тиббиёт ходими COVID-19 асоратларидан вафот этгани маълум қилинди

Дунёда камида 7 минг нафар тиббиёт ходими COVID-19 асоратларидан вафот этгани маълум қилинди

Amnesty International томонидан ўтказилган янги таҳлиллар дунёда тиббиёт ходимларининг камида 7000 нафари COVID-19’дан вафот этганини кўрсатди. Биргина Мексиканинг ўзида камида 1320 нафар соғлиқни сақлаш ходими вафот этгани тасдиқланган. Бу ҳозирги кунгача барча мамлакатлар орасида маълум бўлган энг юқори кўрсаткичдир.

Шунингдек, бутун пандемия давомида коронавирусга чалиниш ва ундан вафот этиш даражаси юқорилигича қолаётган АҚШ (1077) ва Бразилия (634) соғлиқни сақлаш ходимлари орасида ҳам ўлим ҳолати кўплиги қайд этилган. Сўнгги ойларда инфекцияга чалиниш даражаси кескин кўтарилган Жанубий Африка (240) ва Ҳиндистондан (573) олинган маълумотлар ҳам хавотир уйғотмоқда.

«Ўзгалар ҳаётини сақлаб қолишга уринган етти мингдан ортиқ одамнинг ўлими — бу катта миқёсдаги йўқотиш. Ҳар бир тиббиёт ходими иш жойида хавфсизлик ҳуқуқига эга», — деган Amnesty International’нинг иқтисодий ва ижтимоий адолат раҳбари Стив Кокберн.

Унинг таъкидлашича, «Барча тиббиёт ходимлари ўз ҳаётларини хавф остига қўймасдан ўз ишларини давом эттиришлари учун тегишли ҳимоя воситалари ва жиҳозлар билан таъминлаш имкониятини берувчи глобал ҳамкорлик зарур».

Маълумот учун, Amnesty International — Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳаракат. Дунёнинг турли давлатларидан унга аъзо бўлган 8 миллион киши 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашади.

×