Икки ўсмирни аёвсиз калтаклаган муштумзўрлар топилди

Икки ўсмирни аёвсиз калтаклаган муштумзўрлар топилди

Кеча ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ шахслар томонидан икки нафар ўсмирларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларнинг таналарининг турли жойларига қўл билан уриб оёқлари билан тепаётгани тасвирланган видеолар кенг тарқалганди.

Ички ишлар вазирлиги Навбатчилик қисмларига видеода тасвирланган ҳолатлар юзасидан хеч ким мурожаат қилмаганини маълум қилиб, айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш ва қонунийликни таъминлаш мақсадида, фуқаролардан видеода тасвирланган ҳолат юзасидан асосли маълумотга эга бўлсалар, хабардор қилишни сўраганди.

Олиб борилган текширувлар давомида "муштумзўрлар"нинг шахсига аниқлик киритилди.

Видеода тасвирланган ҳолатлар 2018 йил март ойининг бошларида Тошкент вилояти Ангрен шаҳри Оҳангарон кўчаси, 2/5 даҳа қаршисида жойлашган 72-сонли автокорхонанинг орқа томонида бўлиб ўтганлиги, унда 2001 йилда туғилган С.П. уч нафар тенгдошлари билан танишлари Ш.Ф. ва Ш.Т. ларни илгари юзага келган келишмовчилик сабабли уриб тепганликлари, кейинчалик мазкур ҳолат маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда икки томоннинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилинганлиги, келишмовчиликка барҳам берилганлиги, ҳолат иштирокчиларининг бир-бирларига нисбатан даъвоси йўқлиги аниқланди.

Фуқаро С.П. билан сухбатлашилганда, мазкур видео қайси йўл билан тарқалиб кетганини билмаслигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, ушбу ҳолат юртдошларимиз орасида шов-шувга ва уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганлиги учун кечирим сўраган.

×