АҚШ, Канада ва Польшага юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди

АҚШ, Канада ва Польшага юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Оқдарё туманида яшовчи, 1992 й.т. шахс танишлари орқали Тайлоқ туманида истиқомат қилувчи икки фуқарони “Ўзбекистон – Испания – Мексика – АҚШ” йўналишида Қўшма Штатларга юбориш эвазига 44 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи, 1995 й.т. шахс Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи, 1990 й.т. фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Канада давлатига ишга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 7,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.  

Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари мансабдор танишлари орқали 3 нафар фуқарони Польша давлатига ишлаш учун юбориш эвазига 5100 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди. 

 ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бойсун туманида яшовчи, 1998 й.т. шахс Музработ туманида истиқомат қилувчи, 1983 й.т. фуқарони тегишли виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Канада давлатига ишга юбориш эвазига 138 млн. сўм олган вақтида ушланди. Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс муқаддам фирибгарлик жинояти содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.  

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Теглар:
×