"Бавария" — Чемпионлар лигаси ғолиби!

"Бавария" — Чемпионлар лигаси ғолиби!

Франциянинг "Пари Сен-Жермен" ва Германиянинг "Бавария" клублари ўртасидаги Европа чемпионлар лигасининг финал учрашуви якунланди.

Кутилганидек, мюнхенликлар жамоавий ўйинда устунлик қилтган бўлишса, парижликларнинг ҳужум чизиғи вакиллари индивидуал маҳорат ва бир-бирларини яхши тушунишлари эвазига рақибни қийин аҳволга тушириб қўйишга ҳаракат қилишди.

Биринчи бўлим давомида "ПСЖ" голга тортадиган 3та вазият яратди: Неймарнинг зарбасини Нойер қайтарди, Ди Мариянинг зарбасига аниқлик етишмади, Мбаппе эса яқин масофадан кучли зарба бера олмагани учун посбон тўпни эгаллаб олди.

"Бавария" эса танаффусга қадар 2та голга тортадиган вазиятни юзага келтирди: Левандовскининг биринчи зарбасидан кейин тўп устунга тегиб қайтган бўлса, иккинчи вазиятда польшалик футболчи томонидан бош билан берилган зарбани Кейлор Навас қайтарди. 

Иккинчи таймда "Бавария" тўп назоратини янада кучайтирди ҳамда баъзи вазиятларда Неймар ва Ди Марияга нисбатан қўполлик ишлатиб, уларни асабийлаштирди. Баҳснинг 59-дақиқасида эса ҳисоб очилди. Йозуа Киммих жарима майдони бурчагидан олис устун томон узатма берди. Левандовски ҳимоячиларни чалғитди ҳамда Кингсли Коман хотиржам ҳолатда бош билан дарвозани забт этди. 

Орадан 3 дақиқа ўтиб германияликлар яна шундай ҳужум ташкил этишди. Коман бу сафар оёқ билан зарба берган бўлса, Тиаго Силва шундоққина чизиқ олдида тўпни қайтариб қолди. 

Шундан сўнг "ПСЖ" ўз ўйинини кучайтириб, ҳужумга ўта бошлади. Учрашувнинг 70-дақиқасида Ди Мариянинг ажойиб пасидан кейин Маркиньос рақиб жарима майдонига кириб келди ва яккама-якка вазиятда зарба берди. Нойер оёғи билан тўпни қайтариб қолди. 

Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда парижликлар яхши ҳужум ташкил этишди. Мбаппенинг узатмасидан кейин Неймар жарима майдони ичида тўпни эгаллади ва зарба берди. Шупо-Мотинг олдидан ўтиб кетаётган тўпни дарвоза томон бура олмади. 

Хулоса. Ўйин ва тўп назорати жиҳатдан "Бавария" устунликка эга бўлди, голга тортадиган вазиятлар яратишда "ПСЖ" устунлик қилди. Аммо юқори савиядаги футболчилар муҳим паллаларда гол ура олишмади. Совуққон германияликлар эса керакли тўпни киритишди ва Европа чемпионлар лигаси совринини қўлга киритишди!

Европа чемпионлар лигаси. Финал
"ПАРИ СЕН-ЖЕРМЕН" - "БАВАРИЯ" - 0:1 (0:0)
Гол: 0:1 – 59 Коман. 
ПСЖ – Навас, Кимпембе, Керер, Тиаго Силва, Маркиньос, Эррера (Дракслер, 72), Паредес (Верратти, 65), Ди Мария (Шупо-Мотинг, 80), Бернат (Курзава, 80), Мбаппе, Неймар.
Бавария – Нойер, Боатенг (Зюле, 25), Алаба, Киммих, Горетцка, Дэвис, Алькантара (Толиссо, 86), Коман (Перишич, 68), Гнабри (Коутиньо, 68), Левандовски, Мюллер.
Огоҳлантиришлар: Дэвис (28), Паредес (52), Гнабри (52), Зюле (56), Неймар (81), Тиаго Силва (83), Курзава (85), Мюллер (90).

×