Ўзбекистонда кислород берувчи аппаратлар, ПЗР-тест, МСКТ бор клиникаларда онлайн навбатни ташкил қилувчи Telegram-бот ишга туширилди

Ўзбекистонда кислород берувчи аппаратлар, ПЗР-тест, МСКТ бор клиникаларда онлайн навбатни ташкил қилувчи Telegram-бот ишга туширилди

Кислород берувчи аппаратлар, ПЗР-тест, МСКТ бор клиникаларда онлайн навбатни ташкил қилувчи янги Telegram-бот ишга туширилди. Бу ҳақда бугун АОКА ҳузуридаги штабдаги брифингда Ёшлар ишлари агентлиги матбуот котиби Нодир Абдуқодиров маълум қилди.

Брифингда 14 июлдан 1 августга қадар Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига жами 108 755 та мурожаат келиб тушгани, мазкур марказлар томонидан 194 214 та эҳтиёжманд оилага хайрия ёрдамлари кўрсатилгани айтилди.

Агентлик ахборот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларидаги жами 3 060 нафар волонтёр ёшлардан 682 нафари Call-марказларда аҳоли мурожаатларини қабул қилишга ҳамда 2 378 нафари хонадонларга маҳсулотлар етказиб беришга кўмаклашмоқда.

«2 август соат 14:00 га қадар мазкур платформа орқали 2750 га яқин кўнгиллилар рўйхатдан ўтди ва малакали мутахассислар томонидан уларни ўқитиш ишлари амалга оширилмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан интернет тармоғида volontyor.uz платформаси ишга туширилди. Мазкур платформа орқали республикадаги барча инсонлар кўнгилли сифатида рўйхатдан ўтиш имконияти пайдо бўлди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги қайси клиникаларда МРТ ва МСКТ ускуналари борлиги, қайси ҳолатда клиникага мурожаат қилиш мумкинлиги, туман кесимида энг яқин ва фаолият юритаётган клиникалар ҳақида батафсил маълумот бера оладиган (71) 200 17 20 Call-маркази фаолият олиб бормоқда. Марказда 12 нафар Ёшлар ишлари агентлиги кўнгилли ёшлари фаолияти йўлга қўйилди.

Telegram’да @Shifoline_bot ишга туширилди. Мазкур ботнинг вазифаси Тошкент шаҳрида жойлашган МСКТ, ПЗР, кислород берувчи аппаратлари бор клиникаларда онлайн навбатни ташкил қилишдан иборат. Тошкентда Ёшлар марказида фаолияти йўлга қўйилган 1105 қисқа рақамли Call-марказида жами 40 нафар малакали шифокор, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ходимлар ва Ёшлар ишлари агентлигининг кўнгилли ёшлари фаолият олиб бормоқда. Мазкур Call-марказга 17 кун ичида 76894 та мурожаат келиб тушди ва малакали мутахассислар томонидан кўриб чиқилиб мурожаатчиларга тегишли тавсиялар берилди», – дея маълумот берган Ёшлар ишлари агентлиги матбуот котиби Нодир Абдуқодиров.

2020 йил 20 июлда «Troll.uz» лойиҳаси раҳбари Умид Ғофуров ташаббуси билан Telegram’да муҳтожларга ёрдам беришга мўлжалланган «Яқинлар» боти ишга туширилгани хабар қилинган. 23 июлда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева 2020 йилнинг 14 июлидан 22 июлигача республика миқёсида жами 145 минг 154 та моддий даромад манбасини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларга 14 миллиард 67 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказилгани, 330 та оилага қиймати 52 миллион 400 минг сўм миқдордаги дори-дармонлар ҳам тарқатилганини маълум қилганди.

×