ЎзА мухбири ижтимоий тармоқларда тарқалган сотувчиларга босим ўтказиб, товламачилик қилаётган аёл ҳақидаги видеолавҳа бўйича суриштирув ўтказди. Видеолавҳадаги аёл аслида ким, бундай ҳолат қаерда содир бўлган эди?
Келинг, ҳолатга аниқлик киритиш учун гапни аввалроқдан бошлаймиз. Айни кунда ноқонуний фаолият юритаётган мазкур бозор Асака тумани “Барака” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Умид кўчаси, яъни Асака-Шаҳрихон магистраль йўли томонидан Асака деҳқон, озиқ-овқат бозорига кириладиган узунлиги 200 метрча келадиган кўчада жойлашган.
2016 йилда мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан аҳолига қулайлик яратиш, Асака деҳқон, озиқ-овқат бозорига кириладиган йўлни ободонлаштириш учун туман ҳокимининг фармойиши билан ушбу йўл ҳудуди тадбиркорлар Одинахон Дадажонова, Маҳмуджон Собиров ҳамда Роҳатой Эгамбердиеваларга 600 квадрат метрдан ажратиб берилди. Шунингдек, уларга сайлгоҳ сифатида фойдаланадиган йўлнинг ўзларига тегишли ҳудудларини шаҳарсозлик қоидалари асосида ободонлаштириш, брусчатка ётқизиш, фаввора қуриш ҳамда музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотиладиган жойлар ташкил этиш вазифаси юкланди.
Тадбиркорлар томонидан ободонлаштириш ишлари бекаму-кўст бажарилди. Бироқ аҳолининг бозорга кириб-чиқиши учун қулайлик яратиш мақсадида барпо этилган йўл ноқонуний бозорга айланиб кетди. Ноқонуний равишда қўшимча дўконлар, савдо расталари жойлаштирилди, ёймачилар жойлашди. Бу ерда асосан кийим-кечаклар, парфюмерия маҳсулотлари, хўжалик моллари, ҳатто мева-чева, сабзавотлар ҳам сотила бошлади.
Ободонлаштириш мақсадида берилган кўчанинг тадбиркорлар катта бозорга айлантириб юборди. Бундан аввало, ушбу кўча атрофида яшаётган аҳоли азият чекмоқда. Уйларига эркин кириб чиқа олмайди, тез ёрдам, ёнғин ўчириш машиналари бу кўчага умуман кира олмайди.
Кўча охиридаги бошқа йўлга олиб чиқадиган кўча эртаю кеч киракаш “Дамас” машиналари билан тирбанд. Бундай ҳолатни бартараф этиш савдо расталарини бозор ичига кўчиришни сўраб маҳалла аҳли туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бўлими, солиқ инспекциясига кўп бора мурожаат қилди. Бироқ бирор ўзгариш бўлмади.
– Ноқонуний бозор маҳалла аҳлига кўп қийинчиликлар туғдирмоқда, – дейди Асака тумани “Барака” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ривожиддин Раҳмонов. – Бу ердаги тўполон, жанжалларни айтмайсизми... Бозорни кўчириш учун кўп ҳаракат қилдик. Лекин бизнинг кучимиз етмади.
– Катта магистраль йўлдан бозорнинг йўлига ўтиш учун ер ости тунели қурилган, – дейди маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Мухтасархон Қосимова. – Ачинарлиси, тунель ҳам бозорга айланиб кетди. Яхши биламизки, бозорнинг ўзига яраша қонун қоидалари бор, бозорда турли тоифа кишилари, тортишув, жанжаллар бўлади. Ана шундан келиб чиқиб, бозордаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида савдогар аёллар билан тез-тез суҳбатлар ўтказилмоқда. Шукурки, кейинги пайтларда уруш-жанжаллар, салбий ҳолатларга барҳам берилди.
Масаланинг моҳиятига қайтадиган бўлсак, видеолавҳадаги ҳолат ноқонуний бозорда савдо қилаётганлардан пул ундириш билан боғлиқ эканлиги равшан. Маълум бўлишича, ушбу ҳолат Асака шаҳридаги ноқонуний фаолият юритаётган бозорда (юқорида бозор хусусида изоҳ берилди) 2017 йилнинг баҳорида юз берган. Бозорда иш олиб бораётган бир гуруҳ сотувчи аёлларнинг йиллар давомида давом этиб келаётган ўзаро келишмовчилиги, жанжалларининг биргина кўриниши халос.
Видеолавҳа қаҳрамони О.Д. Асака туманида истиқомат қилади, иккинчи гуруҳ ногирони, 2002 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. Оилали, 4 нафар фарзанднинг онаси. Савдо дўконлари бор, тадбиркор сифатида донғи кетган.
Ҳолатнинг асл сабаби бозордаги иккита гуруҳ ўртасидаги келишмовчиликлар натижасидир. Ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумот фикрларимизга аниқлик киритади.
Бунга кўра, Асака тумани, “Тувадоқ” МФЙ, Пастки Тувадоқ кўчасида яшовчи якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчи О.Д.га Асака туманидаги деҳқон бозори ҳудудида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузгани учун бир неча бор унга нисбатан солиқ ходимлари иштирокида огоҳлантиришлар берилган.
О.Д. 2016 йил сентябрь ойида Асака тумани Умид кўчасидаги марказий деҳқон бозорига кириш йўлагида таъмирлаш ишлари олиб борган. 2017 йил май ойида фуқаролар Н.И, З.А ва бошқа бир нечта фуқаролар мазкур таъмирлаш ишлари олиб борилган йўлакда савдо қилаётгани сабабли “катта тадбиркор” О.Д уларни ушбу ҳудудда савдо қилмасликларини, жойни бўшатиб қўйишларини айтиб, ўзаро жанжаллашган.
Келишмовчиликлар давомида О.Д томонидан фуқароларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилганлик ҳолати 2017 йил май ойида фуқаролар томонидан видеотасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака туман ИИБга фуқаролар томонидан О.Д.га нисбатан чора кўришни сўраб мурожаат келиб тушмагани сабабли, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмаган.
Шунингдек, О.Д 2018 йил 24 декабрь куни соат 21:00 лар чамасида, Асака шаҳар, “Барака” МФЙ, Мадумаров кўчасида жойлашган “Марказий деҳқон” бозорининг кириш йўлагидаги ўзи томонидан таъмирланган “Фаввора” ёнида, фуқаро Н.И (ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳадаги ҳақоратланган аёл) билан бирга савдо қилаётган О.Б билан ҳам ўзаро жанжаллашган. Жанжал вақтида О.Б.ни қасддан уриб соғлиғининг бузилиши ва тан жароҳати олишига сабабчи бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан 2018 йилнинг 29 декабрь куни О.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан мазкур модда билан айблов эълон қилинган ва жиноят иши муҳокамасига юборилган. Суд муҳокамаси томонларнинг ўзаро келишуви асосида ярашув билан якун топган.
Ҳозирда ижтимоий тармоқларда тарқалган О.Д. томонидан Асака тумани марказий деҳқон бозоридаги фуқароларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилганлик ҳолати тасвирланган видеолавҳалар бўйича Асака тумани ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
О.Д. бозорда савдо қилаётган фуқаролардан пул йиғишини инкор этди. Лекин савдо қилувчилар пул ҳозирга қадар йиғиб келинаётганини айтганлигини билдирганимизда, бу пуллар бозорни тозаловчи фаррошлар учун йиғилишини таъкидлади.
Бу бўйича туман солиқ инспекцияси ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари шуғулланиб, масалага аниқлик киритади, деб умид қиламиз. Чунки мазкур бозорда 400 га яқин кишининг савдо қилиши ҳисобга олинса, уларнинг қанчаси тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, солиқ тўлайди, яна қанчаси солиқ тўламасдан иш олиб бораётганини аниқлаш, тушумларни давлат бюджетига тушириш албатта ана шу идораларни қизиқтиради.
Агар ана шунча сотувчи бир кунда 10 минг сўмдан тўлаганда ҳам давлат бюджетига бир кунда 4 миллион, бир ойда 120 миллион, бир йилда 1 миллиард 440 миллион сўм маблағ тушиши оддий арифметика.
Видеолавҳада солиқ идораси вакилларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилинишига эса О.Д. у билан жанжаллашаётган аёллар уни қаттиқ ҳақорат қилганликлари туфайли ўта асабийлашгани, ўзини йўқотиб қўйиб, билмасдан гапириб юборганини маълум қилди.
– Бу каби аёллар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддасхон Қурбонова. – Жумладан, ўзаро жанжаллашиб юрган тадбиркор фуқаролар билан бевосита суҳбатлар ўтказилиб, ўрталаридаги келишмовчиликларни бартараф этиш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилди. Аёл, энг аввало она, оила бекаси, фарзандлар тарбиячиси, аёлларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этиши миллатимиз учун иснод экани тушунтирилмоқда.
Асака деҳқон, озиқ-овқат бозори маъмурияти эса нима учун шундоққина эшиги олдида ноқонуний бозор фаолият юритаётганига томошабин бўлиб қараб турганига кўпчилик ҳайрон.
Нима учун савдо қилаётганларни бозор ичига киритиш чораларини кўрмаяпти экан?
– Ушбу бозорда асосан кийим-кечак, хўжалик моллари сотилади, – дейди “Асака деҳқон, озиқ-овқат бозори” масъулияти чекланган жамияти директори Алишер Толипов. – Бозоримизда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши белгиланган. Шу боис уларга бозордан жой бера олмаймиз. Лекин у ердаги озиқ-овқат, қовун-тарвуз, сабзавот маҳсулотлари сотаётган фуқароларни ичкарига киритишга кўп ҳаракат қилдик. Ҳозирда 700 га яқин савдо расталаримиз, савдо-сотиқ қилиш учун барча қулайликлар бор. Лекин бозор ташқариси гавжум бўлгани, қолаверса, кунлик савдо йиғими тўламаслик мақсадида улар ичкарига кириб савдо қилишни хоҳлашмаяпти.
Шу ўринда норасмий бозор, ана шу ҳудудни ўзлаштириб олган тадбиркорларнинг бугунги фаолияти ноқонуний эканини эслатиб ўтмоқчимиз.
Аслида 3 нафар тадбиркорга Асака деҳқон бозорига кириш йўлининг маълум қисмини ободонлаштириш, музқаймоқ ҳамда салқин ичимликлар савдосини йўлга қўйиш орқали фойдаланиш учун чиқарилган туман ҳокимининг 2016 йил 22 июндаги 60-Ф фармойиши ўтган 2018 йил бекор қилинган.
Яъни, Асака тумани ҳокимининг ҳудуддаги, “Барака” МФЙ Умид кўчасида, бозорга кирувчи йўлда транспорт воситалари ҳаракатини тиклаш, фавқулодда вазиятлар юзага келганда авария хизматлари транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун шароит яратиш учун ўзбошимчалик билан ўрнатилган вақтинчалик савдо шохобчалари фаолиятига барҳам бериш мақсадида чиқарилган 2016 йил 22 июндаги 60-Ф фармойиши бекор қилинган.
Туман ҳокимининг тегишли қарори чиқарилганига бир йилдан ошган бўлса-да, ноқонуний бозор фаолиятига барҳам берилмаётгани, тартибсизликлар, муаммоларга туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, солиқ инспекцияси эътибор қаратмаётгани кишини таажжубга солади.
Бу ерда савдо қилаётган фуқароларни Асака деҳқон, озиқ-овқат бозори ҳамда халқ ичида Юқори бозор, деб аталадиган “Тасанно омад люкс” буюм бозорига кўчириш шунчалик қийин бўлса?
Ўрганишимиз жараёнида ана шу бозорларда жуда кўп савдо расталарининг бўш турганига гувоҳ бўлдик.
Туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идоралар ноқонуний бозор, ундаги тартибсизликлар, у ерда иш олиб бораётган гуруҳларнинг тортишувлари ортидан юзага келаётган салбий ҳолатларга барҳам беришга астойдил киришса, энг аввало, Асака халқи бундан миннатдор бўлади, қонун устуворлиги таъминланади.
Ноқонуний бозор тақдири, унинг фаолияти қандай якун топгани хусусида келгуси чиқишларимизда маълум қиламиз. Мабодо ечим топиб кетса муаммолар.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА
Тасодифий хабарлар
Ижтимоий тармоқларда “Қаршида стоянкада ҳайдовчининг тоби қочди” юзасидан муносабат
Довудхонтўра домла Намонгоний вафот этди
Ўзбекистонда сўнги 11 ойда қайси ҳудудда энг кўп туғилиш қайд этилди?
Москвада хонадонларни 60 фоизгача чегирма билан сотиш бошланди
Нью-Йорк маъмурияти коронавирус манбасини аниқлади. У Хитой эмас...