Ҳокимлик ходимлари белгиланмаган вақтда шахсий машиналарида юриши мумкин эмас – Адлия вазирлиги

Ҳокимлик ходимлари белгиланмаган вақтда шахсий машиналарида юриши мумкин эмас – Адлия вазирлиги

АОКА қошидаги коронавирусга қарши курашиш штабида ташкиллаштирилган навбатдаги брифинг чоғида Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева аҳолидан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Брифингда пандемия даврида шаҳар ёки туман ҳокимликлари ходимларининг шахсий автомашиналарида белгиланган вақтлардан ташқари вақтда ҳаракатланиши кузатилаётгани юзасидан изоҳ сўралган.

«Республика ҳудудида карантин эълон қилингани сабабли, фуқаролар ўзининг шахсий автотанспорт воситаларида куннинг белгиланган вақтидагина махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши мумкин.

Қолган вақтларда эса Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер) асосида ҳамда автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхатида белгиланган асослар бўйича автотранспорт воситасида ҳаракатланиш мумкин.

Махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарларининг фақат хизмат автотранспорт воситалари келтирилган. Лекин сиз айтганингиздек, ҳокимият ходимларининг шахсий автротранспорт воситалари ушбу рўйхатда келтирилмаган», деган вазирлик вакили.

Шунингдек, дори воситаларини ҳеч қандай қўлланмасиз, дорихоналар ёки уларнинг филиалларидан ташқарида, яъни кўча-кўйда сотаётган шахсларга қонунчиликда қандай жавобгарлик чоралари мавжудлиги бўйича маълумот берилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-1-моддасига кўра, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Ушбу қилмиш ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан

100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, ушбу қилмиш маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса Жиноят кодексининг 186-3-моддасига кўра:

  • БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
  • 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Брифингда тиббиёт ходимлари томонидан шахсга тиббий ёрдам кўрсатилиши рад этилиши учун қонунчиликда қандай жавобгарлик белгилангани ҳам маълум қилинган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-1-моддасига мувофиқ, ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли ҳолатда бўлган шахсга тиббиёт ташкилотларида қонунга ёки махсус қоидаларга мувофиқ шошилинч ва (ёки) кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиши керак бўлган шахс томонидан шундай ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этиш:

  • фуқароларга 669 минг сўмдан 1 млн 115 минг сўмгача;
  • мансабдор шахсларга эса 1 млн 115 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса:

  • фуқароларга 1 млн 115 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача;
  • мансабдор шахсларга эса 2 млн 230 минг сўмдан 3 млн 345 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
×