Шавкат Мирзиёв академик Саттор Турсунмуҳамедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёв академик Саттор Турсунмуҳамедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёв академик Саттор Турсунмуҳамедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

"Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.

Ижтимоий фалсафа ва социология соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Саттор Турсунмуҳамедов шу йил 21 июль куни 91 ёшида вафот этди.

С.Турсунмуҳамедов 1929 йил 11 январда Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон шаҳрида туғилди. 1952 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Ўз меҳнат фаолиятини 1955 йили Тошкент молия-иқтисод институтида катта ўқитувчи сифатида бошлаган истеъдодли олим қарийб 65 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) доценти, профессори, кафедра мудири, Республика ижтимоий фанлар ўқитувчилари малакасини ошириш институти директори, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети) ректори, Республика юқори малакали педагоглар тайёрлаш институти директори, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кафедра мудири каби лавозимларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олимнинг ижтимоий фалсафа ва социология соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган мақола ва тадқиқотлари, монография ва рисолалари юртимиз олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга таълим-тарбия берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.
Академик С.Турсунмуҳамедовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвонига сазовор бўлган эди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Саттор Турсунмуҳамедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, Б.Йўлдошев"

×