Турли даврларда алимент тўғрисидаги тушунчалар бир қатор ўзгаришларга учраб, ўзининг мазмун-моҳиятини йўқотиб келган. Масалан, ХХ асрнинг 20-йилларида алиментлар «Ижтимоий таъминотнинг ясама кўриниши, сунъий шакли» деган тушунча мавжуд эди. Ижтимоий таъминотнинг ривожланиши билан алимент мажбуриятлари аста-секин йўқ бўлиб кетишига олиб келади, деган назария мавжуд эди. Кейинчалик бу назария ўз ўрнини йўқотди.
Бироқ, алимент мажбурияти билан ижтимоий таъминотнинг ривожланиш тизими ўртасида узвий боғлиқлик бор, чунки улар умумий бир мақсадни, у ҳам бўлса вояга етмаган муҳтож шахсларга моддий таъминот беришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Алимент - лотинча «alimentum» сўзидан олинган бўлиб, «озиқ-овқат», «нафақа», «таъминот», «боқиш учун маблағлар» деган маъноларни англатади. Алимент қонун белгилаган ҳолларда оиланинг бир аъзоси томонидан оиланинг бошқа бир аъзоси ёки аъзоларини моддий таъминлаш учун мажбурий тўланадиган маблағ. Вояга етмаган фарзандларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота(она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Алимент мажбуриятлари мулкий ҳуқуқий муносабатлар доирасига кириб, шу билан бирга ўзининг баъзи бир махсус белгиларига ва хусусиятларига ҳам эга. Алимент мажбуриятнинг фуқаролик ҳуқуқидаги мажбуриятдан фарқ қиладиган томонлари ҳам бор.
Булар қуйидагилардан иборат:
- алимент мажбуриятларининг келиб чиқиш асослари қонунда императив асосда белгиланган (қон-қариндошлик, меҳнатга лаёқатсизлик, муҳтожлик);
- алимент тўғрисидаги келишув мавжудлиги;
- алимент мажбуриятларининг шахсий характерга эгалиги;
- алимент қарздорнинг, шунингдек ундирувчининг вафоти туфайли тугалланади, мерос сифатида бошқа шахсларга ўтмайди;
- алимент мажбуриятлари бепул, агар хатоликка йўл қўйиб ундирилган бўлса ҳам қайтарилмайди (ёлғон маълумотларга ва қалбаки ҳужжатларга асосланган ҳоллар бундан мустасно);
- алимент мажбуриятлари давомли ҳисобланади, алимент келажак вақт учун олиниб, даъво қилинган кундан бошлаб ҳар ойда, бола вояга етгунига қадар ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддасига мувофиқ ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Амалдаги қонунда вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддасига биноан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баробаригача миқдорда жарима, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади.
Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож фарзандларига оид мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 100-моддасида белгилаб қўйилган.
Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож фарзандларига алимент тўлаш ота-онанинг мажбуриятидир. Тўланадиган алимент миқдори тарафларнинг моддий ва оилавий ахволини ҳисобга олиб қатъий суммада белгиланади ва у ойма-ой тўлаб борилади.
Оила кодексининг 109-моддасига биноан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-онасига таъминот беришлари ва уларга ғамхўрлик қилишлари шарт. Ушбу мажбуриятлар фарзандларнинг маънавий бурчи ва вазифаси ҳисобланади.
Моддий ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз ота-она фойдасига алимент ундирилиши вақтида ота-онанинг ҳам, фарзандларнинг ҳам моддий, оилавий шароитлари, шунингдек, тарафларнинг барча ҳолатлари ҳисобга олиниши лозим.
Ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз ота-онага алимент тўлаш тўғрисидаги даъво оиладаги барча меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандларга нисбатан ҳам қўзғатилиши мумкин.
Оила Кодексининг 111-моддасига биноан, вояга етган,меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-онасининг бетоблигига ва бошқа қўшимча ҳаражатларда иштирок этишлари шарт. Бу қоида бугунги қонунчиликда янгиликдир. Ҳар бир вояга етган фарзанднинг зиммасига юклатиладиган қўшимча ҳаражатларни қоплаш суммасини белгилашда уларнинг моддий шароитлари ҳисобга олинади.
Оила Кодексининг алимент мажбуриятларида алимент ундиришнинг уч хил тартиби белгиланган:
Жумладан, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тузиш, алиментни ихтиёрий тўлаш, алиментни суд тартибида ундириш.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади. Оила Кодексининг 130-моддасига биноан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш учун муомалага лаёқатли бўлиш талаб этилмайди. 14 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ҳамда суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар номидан келишув уларнинг қонуний вакиллари яъни ота-оналар, васийлар, ҳомийлар томонидан тузилади. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ҳамда муомалага лаёқатлилиги суд тартибида чекланган шахслар ўз қонуний вакилларининг розилиги билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузадилар.
Оила Кодексининг 131-моддасида келишувни ёзма равишда тузиш ва уни нотариал тарзда тасдиқлаш шартлиги белгиланган Нотариал тартибда тасдиқланмаган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий ҳисобланмайди. Бироқ, алимент тўғрисидаги (ёзма шаклда) келишув тузган томонлардан бири амалда уни ижро этишга киришган бўлса-ю, иккинчи томон уни нотариал тасдиқлашдан бош тортаётган бўлса, Фуқаролик кодексининг 12-моддасига мувофиқ келишув суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин. Бундай ҳолатда кейинчалик келишувни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Нотариал тасдиқланган келишув ижро кучига кўра ижро варақасига тенглаштирилади. Бу эса алимент ушлаб қолиш учун бошқа ҳужжатларни кўрсатиш талаб қилинмаслигини билдиради. Нотариал тасдиқланган келишувни жўнатиш, ҳисобга олиш ва сақлашга нисбатан ижро варақаларини жўнатиш, ҳисобга олиш ва сақлаш қоидалари қўлланилади.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг томонларнинг ўзаро келишувларига биноан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ёзма равишда амалга оширилиб, нотариал тасдиқланиши зарур.
Келишувга мувофиқ вояга етмаган фарзандлар учун белгиланадиган алимент миқдори улар суд тартибида ундирганда олиши мумкин бўлган алимент миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Бу миқдор Оила Кодексининг 99-моддаси билан белгилаб қўйилган бўлиб, бир бола учун иш ҳақи ёки бошқа даромаднинг тўртдан бир қисмини, икки бола учун учдан бир қисмини ва учта ҳамда ундан ортиқ бола учун иккидан бир қисмини ташкил қилади.
Алиментлар алимент тўлашга мажбур шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромадига нисбатан мунтазам (ҳар ойда, ҳар чоракда ва шу каби) тўланадиган қатъий пул миқдорида, мулк бериш йўли билан, шунингдек, бошқа усулларда ҳам тўланиши мумкин.
Алимент тўлаётган шахс алиментни ихтиёрий равишда шахсан ёки ўз аризасига кўра ишлаб турган жойида, пенсия, нафақа, стипендия ва бошқа турдаги маблағ олаётган жойида тўлайди. Алиментнинг ихтиёрий равишда тўлаб турилиши алимент ундирувчини алимент ундириш ҳақидаги даъво ёки ариза билан хоҳлаган вақтда судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъий назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Мазкур шахс низо бўлмаган тақдирда, вояга етмаган фарзандлар учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, бу ариза буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади. Алимент судга мурожаат этилган вақтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкинлиги Оила Кодексида белгилаб қўйилган.
Маълумки, аввалги Никоҳ ва Оила Кодексида алимент ундириш уни тўлашга масъул бўлган шахснинг иш ҳақи (даромад)дан ундирилиши белгиланган эди. Бироқ, ушбу қоида бозор иқтисодиётига ўтиш даврида замон талаблари билан мос келмай қолди. Шу боис алимент тўлаш мажбурияти алимент тўлашга мажбур шахснинг ҳар ойдаги иш ҳақи ёки бошқа даромадидан ундирилиши Оила кодексида белгилаб қўйилди. Бундай ўзгаришлар замирида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада ривожлантириш орқали бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ётади.
Улуғбек Хамдамов
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судьяси
Тасодифий хабарлар
Исроил ва ҲАМАС тўрт кунлик сулҳ тузди
UzAutoMotors депутат Кушербоев устидан шикоят қилди
ФОХИШАЛАР ОВИ, НАМАНГАНДА ТУНГИ РЕЙД!
Наманганда ноқонуний равишда дори ишлаб чиқараётган яширин корхона аниқланди
Кутилмаган баёнот: коронавирус одамни ўлдиришга мўлжалланмаган