Термизда 6 сентябрдан бошлаб афғонлар учун мўлжалланган таълим маркази қайта иш бошлади, деб хабар беради Sputnik.
Марказ директори Ойбек Рўзиевнинг сўзларига кўра, 35 нафар талаба яна ўқишни бошлаган — уларнинг барчаси таътилдан сўнг Афғонистондан келган.
Таъкидланишича, яқин кунларда Термизга яна афғонистонлик қатор талабалар қайтади. Уларга тўрт йилга мўлжалланган визалар берилган, шу сабабли талабалар чегарани кесиб ўтишда муаммога дуч келмаслиги керак.
Шунингдек, Рўзиевнинг қайд этишича, 2021 йилда Афғонистондаги вазият сабаб янги талабалар ўқишга қабул қилинмаган.
Термиздаги таълим маркази 2018 йилнинг январида очилган бўлиб, темир йўл мутахассислари ҳамда ўзбек тили ва адабиёти бўйича ўқитувчиларни тайёрлаш билан шуғулланади.
Аввалроқ «Толибон» талаба қизларнинг таълимни давом эттириши юзасидан ўз шартларини эълон қилганди.
«Толибон» мамлакатда яна ҳокимият тепасига келган август ойида ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид аёлларга «ислом қонунлари доирасида» ишлаш, ўқиш ва жамият бошқарувида иштирок этишга рухсат берилишини айтган. Шу билан бирга, толибларнинг шартларига кўра, Афғонистонда аёлларнинг барчаси ҳижоб (паранжи) кийиши керак бўлади. «Толибон» аввалги бошқаруви давридан фарқли равишда бу сафар аёлларнинг уйдан ёлғиз, эркаклар ҳамроҳлигисиз чиқа олиши мумкинлигини кафолатламоқда.
Кейинчалик Мужоҳид Афғонистондаги ишлайдиган аёлларни ўз хавфсизлиги учун уйдан чиқмасликка чақирган. «Бизнинг хавфсизлик кучларимизга аёллар билан қандай муносабатда бўлиш, улар билан қандай мулоқот қилиш ҳақида ўргатилмаган. Мамлакатда тўлиқ хавфсизлик ўрнатилмагунча аёллардан уйда қолишини сўраймиз », — деган ҳаракат вакили.
Шунингдек, «Толибон» аёлларга ҳукумат таркибида лавозимлар берилмаслигини маълум қилган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда қайси йилларда тўрт эгизак кўп туғилгани айтилди
Нурмагомедовга Мэйвезер билан жанг учун 100 миллион доллар беришмоқчи
Эски спорт машинаси 2,53 миллион долларга сотилди
Дуров WhatsApp ўрнатилган телефон эгаларини огоҳлантирди
Наманганда қиморбозлар пичоқлашгани айтилган видео юзасидан ИИБ ахборот хизмати маълумот берди