Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат қарзи миқдорини ошкор қилди

Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат қарзи миқдорини ошкор қилди

2020 йил 1 апрель ҳолатига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 18,2 млрд АҚШ доллари эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 31,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълум қилди.

Хусусан, I чоракда давлат ташқи қарзи 0,5 млрд. АҚШ долларига ёки йил бошига нисбатан 2,9 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 16,11 млрд. АҚШ долларига ёки ЯИМга нисбатан 27,7 фоизга етди.

Шундан:

•    Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 10,9 млрд. АҚШ доллари;

•    Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,2 млрд. АҚШ доллари.

Давлат ички қарзи 20,0 1 трлн. сўмни (2,1 млрд. АҚШ доллари) ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоизни ташкил этди.

Шундан:

•    Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 1,7 трлн. сўм (0,2 млрд. АҚШ доллари);

•    Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 18,3 трлн. сўм (1,9 млрд. АҚШ доллари).

Давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат қарзи (ЯИМга нисбатан 31,3 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан 27,7 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг Қарз барқарорлиги таҳлилига кўра, ўзининг иқтисодий салоҳияти бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли ҳисобланади ва ушбу мамлакатларда давлат ташқи қарзи учун меъёр Ялпи ички маҳсулотнинг 50% гача ташкил этиши мумкин.

Халқаро валюта жамғармаси томонидан 2020 йил 19 май куни чоп этилган Қарз барқарорлиги ҳисоботида республиканинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори, давлат ташқи қарзи эса мўътадил даражадалиги қайд этилган. Шунингдек, мамлакатнинг қарзни тўлай олиш салоҳиятининг умумий индикатив кўрсаткичи (СI) 3,1 бирликдан 3,2 бирликка кўтарилди.

2020 йил биринчи чорагида давлат қарзи қолдиғининг ўсишини шакллантирувчи асосий омиллар:

•    Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 200 млн АҚШ долларига;

•    Давлат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 400 млн. АҚШ долларига;

•    700 млрд. сўм миқдорида давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳамда 250 млрд. сўмгa тенг ички қарздорлик сўндирилиши натижасида давлат қимматли қоғозлари қолдиғи 450 млрд. сўмга ошди.

×