Ўзбекистон автобуси Қозоғистонда ЙТҲга учради

Ўзбекистон автобуси Қозоғистонда ЙТҲга учради

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ўзбекистон давлат рақамига эга бўлган автобус ЙТҲга учради, деб хабар қилмоқда Казинформ.

Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, ЙТҲ "Олмаота-Тошкент" автомобиль йўлининг 571-километрида, Жамбил вилояти, Жуалин тумани, Бауйржан Момишули қишлоғидан олти километр узоқликда 12 май куни соат 15:50 атрофида содир бўлган.

Маълум бўлишича автобусда Ўзбекистон йўқаролари бўлган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчининг ёрдамчиси ва бир нафар йўловчи қурбон бўлган, 33 киши касалхонага ётқизилгани, улардан уч нафари реанимацияда, - дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши (ёмғир ва дўл, таҳр.) туфайли автобус ҳайдовчиси бошқарувини йўқотиб, шу йўналишда ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми (Транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан терговга қадар текширув қўзғатилган.

Жамбил вилояти трассасида юз берган ЙТҲда жабрланганлар учун ишонч телефони очилди: 8 (7262) 51-35-75, 51-41-67.

Ўзбекистоннинг Олма-отадаги Бош консуллиги хабарига кўра, айни дамда консуллик ҳузурида жабрланганларга ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича штаб тузилган. Ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанига олиб боришнинг ташкилий масалалари ҳал этилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги Бош консуллигига +77779504422 ёки +77779504433 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

×