Хайрулло Бозоров: Аҳолини камбағалликдан чиқариш асосий вазифамизга айланиши зарур

Хайрулло Бозоров: Аҳолини камбағалликдан чиқариш асосий вазифамизга айланиши зарур

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Учқўрғон туманидаги “Яшиқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 2-секторда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан танишди.

Туман прокурори Валижон Мамадалиев бошчилигидаги ушбу секторда жами 41,5 миллиард сўмлик 31 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Улардан 17 таси хизмат кўрсатиш, 8 таси саноат, 6 таси қишлоқ хўжалигига таалуқли.

Жумладан, “Яшиқ” МФЙда 5 миллиард сўм эвазига қуриб битказиладиган 4 қаватли 32 хонадонли турар-жой, қиймати 4 миллиард сўм бўлган 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, лойиҳа қиймати 2 миллиард сўмлик маҳалла гузари ва маиший хизмат шохобчалари, 1 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган спорт-соғломлаштириш мажмуаси шулар жумласидан.

Хайрулло Бозоров ушбу лойиҳаларнинг сектор учун ғоят катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, биргина “Яшиқ” ва “Каттачек” маҳаллалари ҳудудида аҳолининг камбағаллик даражаси салмоқли фоизни ташкил қилишини қайд этди.

— Ушбу лойиҳалар туфайли 465 та янги иш ўрни яратилар экан. Бу шунча оилага даромад кирди, улар муқим иш жойига эга бўлди дегани. Қолаверса, мазкур лойиҳалар амалга ошганидан сўнг мазкур маҳаллалар қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгаради, — деди вилоят ҳокими.

Лойиҳалар тақдимоти давомида яна бир неча тадбиркор вилоят ҳокими ҳузурига келиб, ўзларининг режалари билан ўртоқлашди. Улардан бири — “Ҳуррият Сардор Севинчой” МЧЖ раҳбари Ҳуррият Ортиқова "Ўлжатўпи" МФЙ ҳудудида кўп тармоқли замонавий клиника қуриш нияти борлиги, жами 18 миллиард сўмлик лойиҳага ўзидан 3 миллиард сўм ажратишга тайёр эканлигини билдирди.

Хайрулло Бозоров хайрли мақсадларни кўзлаган бундай ташаббуслар албатта қўллаб-қувватланишини таъкидлади ва туман мутасаддиларига бу юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Namanganliklar.uz

×