Бир неча кундан бери жамоатчилик эътибори марказида бўлиб турган «босар-тусарини билмаган депутат» мавзуси якунига етди, чамаси... Бугун ўша депутат ижтимоий тармоқ орқали узр сўраб чиқди. Чунки, «узр сўраш» дўппи тор келганда сувдан қуруқ чиқишнинг бирдан бир воситасига айланиб, бундай имконият яккаш мансабдорларга ҳавола этилишига жамоатчилик ўрганиб бўлди-да. Мансабдорнинг бир оғиз «узри» шундай қувватга эгаки, унинг олдидан қонунлар ортга чекинади, қонун пешволаридаги ваколатга ҳам тушов тушади гўё...
Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати билан боғлиқ можаролар эса, вазиятга қараб «узрхоҳ»ликка зарур «тузатишлар» киритилиши мумкинлигини ҳам кўрсатиб бераётгандек. Яъниким, шу чоққача мансабдорлар ўзлари «узр» сўраб, вазиятдан чиққан бўлишса, энди воқеликнинг бошқа иштирокиси «узр-маъзури» орқали мутасаддиларга шундай имконият тақдим этилаётган ўхшайди. Йўқса, узрни депутат эмас, аввало уни «босар-тусарини билмай» қолганликда очиқдан-очиқ айблаб, эл аро дўмбира қилганлар сўрамасмиди?!
Депутатнинг «узр»и унга нисбатан қўзғатилиб, бироқ ҳамон муаллақ турган жиноят ишига таъсир қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки, у ўзини мутлоқ айбсизман деяётгани йўқ, шунингдек, унга нисбатан жисмоний куч ишлатгани айтилаётган ички ишлар органи ходимларига ҳам жиддий эътироз билдирмаяпти. Асосийси улардан узр сўраган: гап шунда!
Узр сўраш – фазилат, албатта. Муқаддас Рамазон ойида бундай амални адо этмоқ эса кони савоб. Бироқ «узр» самимий эмас, ихтиёрий-мажбурий айтилса, фазилат ҳам, савоб ҳам қолмайди. Бунақада ижтимоий адолат ҳақида гапирмасаям бўлади.
Энди гапни мухтасар қилиб, депутат билан боғлиқ можароларни яна бирров эсга олсак.
Ички ишлар вазирлигининг «босар-тусарини билмай қолган депутат» ҳақида видеолавҳа эълон қилди. Бир томонлама ва айбсизлик презумпциясига зид айни видеолавҳа кўплаб баҳс-мунозара ва шов-шувлар сабаб бўлди.
Воқелик ортидан депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Наманган шаҳар прокурорининг депутатни жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақида маҳаллий кенгашига киритган тақдимномасига аввалига қисман розилик берилди. Орадан уч кун ўтиб, халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши прокурор тақдимномасини тамоман рад қилиш ва можаро иштирокчилари бўлган Ички ишлар ходимларини жавобгарликка тортиш маслаласини ҳал қилиш ҳақида янги қарори қабул қилди.
Бу орада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Ички ишлар вазирига мурожаат қилиб, ИИВ Ахборот хизмати томонидан фойдаланилган лавҳаларни жамоатчиликка «монтаж»сиз ҳавола этиш ва айни жараёнда нохолислик ёки бир тарафлама ёндашувга йўл қўйилган масъулларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш сўралди.
Депутатларнинг сўровига Ички ишлар вазирлиги «сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган» шаклда жавоб қайтарди.
Вазирлик жавобидан қониқиш қилмаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев яна бир бор мазуга қайтиб, ўз муносабатини билдирди.
Наманган шаҳар прокурорининг тақдимномаси маҳаллий кенгаш томонидан рад қилингач, масала вилоят даражасига чиқди.
Наманган вилоят прокурори депутат масаласида халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашига тақдимнома киритди.
Ҳозирча масала шу нуқтада турибди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, вилоят прокурорининг тақдимномаси Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашида ҳали кўриб чиқилгани йўқ.
Manba: Xabar.uz
Тасодифий хабарлар
«Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига қабул эълон қилинди
Президентнинг Париждаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик тўғрисида қарори қабул қилинди
Ички ишлар ходими ИИБ биносида ўзини отиб қўйди
Президент мансабдор шахсларни карлик ва ёпиқликда айблади
Аёл рашк туфайли 9 ёшли қизни бошига уриб каналга ташлаб юборди