Фоҳиша аёл қирққа яқин эркакка ОИТС юқтирган

Фоҳиша аёл қирққа яқин эркакка ОИТС юқтирган

Эркакларнинг кўпчилиги оилали бўлиб, касаллик уларнинг рафиқаларига ҳам юққан.

Ўз танасини сотиб, овлоқ ерларда эркаклар кўнглини овлаб кун кўра бошлайди. Пала-партиш жинсий ҳаёт, ҳар куни ўнлаб нотаниш эркаклар билан мулақо, ҳимоясиз алоқалар, тунги клубларда ўтказилган юзлаб бедор кечалар... Уларнинг қай бирида ўзига бу бедаво дардни юқтирганини билмаса керак.

2017 йилда қизда ОИТС касаллиги тасдиқланган. Белгиланган тартибда назоратга олинган қиз ўзидаги касалликни била туриб, ўзгаларга қасддан юқтирмаслик ҳақида огоҳлантирилди ҳам. Аммо бу билан у бедор тунларга чек қўймади. Ўзида бедаво дардни кўтариб олган қиз энди мижозлари орасида энг пулдорларини топа бошлади. Унинг тунги манзили арзон турли кафелар, кимсасиз овлоқ жойлар эмас, балки қиммат ресторан ва меҳмонхоналарга кўчди. Бир қарашда ҳар қандай эркакни эсдан оғдирадиган, нозу-карашмалари билан ўзига ром қила оладиган бу кимса ҳар тун мижозларга ажал оғусини юқтиришга уринди.

— Дўстларим билан кафеда ўтирганимизда, рўпарамизда ўтирган икки нафар қиз билан танишиб қолгандик, — дейди аёлнинг собиқ мижозларидан бири.  — У пайтда биз маст бўлганмиз. Улар билан жинсий алоқа ҳам қилганмиз. Шундан кейин телефон орқали гаплашиб, алоқа қилиб турдик. Кейинроқ мен у қизларни ОИТСга чалинганини эшитиб қолдим. Сўнг тиббий кўрикка бордим. Шунда мен ҳам бу касалликни юқтириб олганимни билдим. Турмуш ўртоғим ҳомиладор. Ҳомиласи 6 ойлик. Қилган ишимдан жуда пушаймонман. Аммо, афсуски, энди кеч.

Олиб борилган ўрганишлар биргина мана шу бемор 40 га яқин кишига ОИТС касаллигини қасддан юқтирган. У билан алоқага киришиб, ўзига бу бедаво дардни юқтириб олган эркаклар эса оилали, бола-чақали. Бир лаҳзалик кайф-сафони аёлининг гулдек умрини хазон қилишга алмашган.

Бухоро вилояти ИИБ тергов бўлими терговчисининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш)нинг 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Якунда жиноят иши айблов хулосаси билан судга оширилган. Ҳукмга кўра, судланувчига нисбатан 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

×