Ватан хоинининг ўғли. КХДРдан ким ва нима сабабдан бошпана сўрайди

Ватан хоинининг ўғли. КХДРдан ким ва нима сабабдан бошпана сўрайди

КХДР Марказий телевидениеси Жанубий Кореядан ўтган қочоқ ҳақидаги сюжетни ҳафта давомида қайта-қайта трансляция қилди. Кадр ортидаги овоз қўшни давлат фуқаролигига эга бўлган Чхве Ин Гук Пхеньянга кўчиб ўтишга қарор қилгани ва Шимолий Корея фуқаролигини сўрагани ҳақида катта мамнуният билан эълон қилар эди

ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik, Галия Ибрагимова. Дональд Трамп ва Ким Чен Иннинг фавқулодда учрашувидан сўнг КХДР ҳукумати яна бир ахборот ғалабасига эришди. Жанубий кореялик собиқ вазирнинг ўғли Шимолдан бошпана сўради. Пхеньян уни қабул қилди ва навбатдаги бор чучхе ғоялари жанубий қўшни ҳаёт тарзидан устунлиги ҳақида барчага маълум қилди. Чет элликлар нега Шимолий Кореяга кўчиб ўтишлари ҳақида РИА Новости материалида ўқинг.

Бир томонга чипта

КХДР Марказий телевидениеси ҳафта давомида Жанубий Кореядан ўтган қочоқ ҳақидаги сюжетни трансляция қилди. Кадр ортидаги овоз қўшни давлат фуқаролигига эга бўлган Чхве Ин Гук Пхеньянга кўчиб ўтишга қарор қилгани ва Шимолий Корея фуқаролигини сўрагани ҳақида мамнуният билан хабар қилар эди. Аэропортда қочоқни қўлларида гул кўтариб олий мартабали амалдорлар кутиб олишди, улар Гукнинг қўлини сиқиб кўришар экан, унинг "мардонавор ҳаракати"дан ҳайратдалигини тинмай такрорлашарди. Қаҳрамонга айланган қочоқ бундай лутфга жавобан лутф билан жавоб қайтарар ва янги ватани равнақи учун садоқат ва тўғрилик билан хизмат қилишга ваъда берарди.

"Менинг мақсадим - яшаш ва КХДР сиёсатига амал қилиш. Ота-онам насиҳатларини рўёбга чиқариш учун менга йўл очиб берган бу мамлакатдан миннатдорман. Энди Пхеньян - менинг ватаним, мен бу ерда доимий яшайман ва ишлайман, гарчи бу қарорни кечикиб қабул қилган бўлсам-да", - деб айтган Чхве Ин Гук.

Қочқин ўз ота-онасини бежизга эсга олгани йўқ. Улар аллақачон тарки дунё қилган бўлсалар-да, Пхеньян аэропортида бўлиб ўтган тантанали қабулда жуда муҳим роль ўйнаганлар. Гап шундаки, қочоқ Чхве Ин Гук — хотини билан КХДРга эмиграция қилган Жанубий Корея собиқ ТИВ раҳбари Чхве Ток Синнинг ўғлидир.

Олтмишинчи йиллар бошида ушбу лавозимни эгаллаган жанубий кореялик вазир тарихи шов-шувларга сабаб бўлишининг боиси шундаки, "чучхе мамлакати"га у Сеулдан эмас, балки Вашингтондан кўчиб ўтган. Чхве Ток Син ҳамда унинг собиқ раҳбари ва мамлакат президенти Пак Чон Хи ўртасида келишмовчилик юз бергач, унинг бошпана ҳақидаги илтимосига биринчи бўлиб АҚШ ҳукумати жавоб қайтарган. Жанубий Кореянинг авторитар раҳбари қўл остидаги собиқ ходимини ҳатто коррупцияда айблаган, аммо Чхве Ток Син мамлакатни ўз вақтида тарк этишга улгурган эди.

Лекин собиқ амалдорнинг американча орзуси кўпга чўзилмади. Сиёсий қочқин мақомини олгач, амалдор Жанубий Кореядаги тартибни танқид қилишга ва Шимолий Кореяни эса улуғлашга киришди.

КХДРга муҳаббатини у ўтган асрнинг йигирманчи йилларида отаси чучхе мафкурасига асос солган инсон - Ким Ир Сенга устозлик қилгани билан изоҳлар эди. Жаҳон харитасида Шимолий Корея давлатининг пайдо бўлишига дахлдорлик ҳисси уни кўчиб ўтишга ундаган кўринади. Ваъда -ваъда. 1986 йилда Чхве Ток Син ва унинг рафиқаси КХДР фуқароларига айландилар.

Жанубий Кореяда уларнинг тўрт нафар вояга етган фарзандлари қолган эди. Июль ойи бошида КХДРга кўчиб ўтган Чхве Ин Гук — собиқ вазирнинг тўнғич фарзанди, унинг ҳикоя қилишича, Сеулдаги ҳаёти осон кечмаган. Уни "ватан хоинининг ўғли" деб чақиришган. Бу тамға унинг ҳаётини заҳарлаган, ўқиш ва ишлашига ҳалал берган.

Ота-онаси ҳаётлиги чоғида Чхве Ин Гук бир неча маротаба уларникига меҳмонга келган. Бунинг учун у аввал Жанубий Корея, сўнгра Шимолий Корея ҳукуматидан розилик сўрар эди. Ушбу бюрократик оворагарчиликлар "чучхе ватанида" унинг ота-онаси салкам миллий қаҳрамон ҳисобланиши эвазига унитилар ва ҳатто худди шундай эҳтиромни у ўзига нисбатан ҳам ҳис этарди. Ота-онаси вафотидан кейин Чхве Ин Гукнинг Шимолий Кореяга боришга сабаблари қолмади. Шунда у Пхеньянга доимий яшаш учун кўчиб ўтишга қарор қилди.

КХДРга чет эл фуқароларидан ташвиқот мақсадларида фойдаланган Пхеньян ушбу қарорга жавоб беришни ортга суриб ўтирмади. Тез орада Чхве Ин Гук Шимолий Кореяда доимий яшаш рухсатини олди. Мамлакатдаги барча ОАВлар эса Жанубий Корея фуқаросининг қочиб ўтиши — чучхе ғояси дунёвий устунлигининг яна бир исботидир деган маънода рапорт тарқатдилар.

Етмиш уч ёшли қочқин КХДРда сиёсат билан шуғулланишни режалаштирмоқда. У Жанубий ва Шимолий Кореяларнинг яқинлашишига кўмаклашмоқчи. Аммо Сеулни бундай ёрдамчи хурсанд қилмаган кўринади: у ерда Чхве Ин Гук чет элга рухсатсиз чиқиб кетгани ҳақида оммага эълон қилинди. Агар у қайтишни хоҳласа, уни ҳибс, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш тўғрисида айбловлар ва қамоқ жазоси кутмоқда. Аммо қочқинни ҳали бу ҳолат қўрқитгани йўқ. У аниқ ишонадики, бир томонга олинган чипта, унинг барча умидларини оқлайди.

Дезертирдан киноактёрлик сари

Шимолда фақатгина Жанубий Корея фуқаролари ўз бахтини излашмайди. Қочоқлар орасида АҚШ фуқаролари ҳам кўп бўлган. КХДРда яшаш тарзи уларни ҳамиша хурсанд қилмаган бўлса-да, улар карьераси кутилмаганда осмонга кўтарилган. Мисол учун улар Пхеньянда кинематограф юлдузларига айланишлари мумкин эди.

КХДРга қочган америкаликлар асосан ҳарбий хизматчилар бўлганлар. 1953 йилда Корея яриморолидаги 38-параллелда, яъни Шимол ва Жануб ўртасида ўтган чегарада америка ҳарбийлари дислокация қилинган эди. Эллигинчи йиллар охири - олтмишинчи йиллар бошида Вьетнамдаги уруш авжига чиққан бир пайтда айрим аскарлар жанг кечаётган ҳудудга юборилишдан хавфсираб қўшни давлатга қочиб ўтган.

×