Ўзбекистон Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига фуқаролар томонидан Telegram мессенжери платформасида фаолият юритаётган Unique Finance Nasdaq канали ва NASDAQ UNIQUE FINANCE UZB гуруҳи фаолиятининг қонунийлиги тўғрисида маълумот бериш мавзусида мурожаатлар келиб тушмоқда, деб хабар беради агентлик.
Таъкидланишича, канал ва гуруҳ эгалари фуқароларнинг маблағларини https://unique.finance сайти орқали йирик компанияларнинг акцияларига сармоя киритиш учун жалб қилади. Шунингдек, канал ва гуруҳ эгалари томонидан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги логотипидан, фото ва видео материалларидан фойдаланиш ҳоллари кўплаб учрайди.
Агентлик томонидан қайд этилишича, канал ва гуруҳ эгалари томонидан сармоя киритган фуқароларга барқарор ва юқори даромад, шунингдек бошқаларни ҳам сармоя киритишга ундаб, жалб қилгани учун қўшимча бонуслар ва мукофотлар ваъда қилинади. Янги иштирокчиларни жалб қилиш натижасида олинган даромад миқдори эса акцияларга киритилган сармоядан олинадиган даромад миқдоридан ошиб кетиши имконияти мавжуд.
Агентлик томонидан келтирилган мисолга кўра, сайтга сармоя киритган иштирокчига ўзидан сўнг яна 3 нафар иштирокчи жалб қилса, ҳамда уларнинг ҳар бири кириш бадали ҳисобланган 5000 доллар миқдорида сармоя кирица, 1000 доллар миқдорида мукофот олиши мумкин, ҳамда ўзи жалб қилган иштирокчиларининг даромадидан 5 фоиз миқдорида бонус олиб туриши ваъда қилинади.
Канал ва гуруҳ аъзолари янги иштирокчиларни жалб қилиш жараёнида намойиш қиладиган Unique Finance веб-сайти мазмуни асосан капитал бозори соҳасидаги маълумот ва ўқув материалларидан, шунингдек сайт томонидан ташкил қилинадиган онлайн тренинглар ҳақидаги маълумотлардан иборат.
Қайд этилишича, керакли минимал миқдордаги маблағни (5000 долларни) киритиб, рўйхатдан ўтган иштирокчига Apple, Yahoo, Microsoft каби 16 та компаниядан бирининг акцияларини сотиб олиш имконияти, ҳамда акциялар сотиб олинганидан сўнг улар иштирокида автоматик тарзда спекулятив савдолар ўтказилиши тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.
Агентликнинг маълум қилишича, аслида, иштирокчи ҳеч қандай акция эгасига айланмайди, сайт эса фонд бозорида мижознинг қимматли қоғозлари билан операцияларни амалга оширмайди. Иштирокчига кўрсатиладиган унинг ҳисобидаги акциялари, ҳамда улар иштирокидаги спекулятив савдолар эса тақлид (имитация) ва ёлғон маълумотлар ҳисобланади.
Ўрганиш давомида агентлик томонидан юқоридаги сайт, канал ва гуруҳ фаолиятида молиявий пирамиданинг кўплаб белгиларини аниқлади. Бундан ташқари, сайт бир қатор мамлакатларнинг назорат органлари томонидан молиявий пирамидалар реестрига киритилганлиги аниқланди.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларга мулкий зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида, агентлик юқорида кўрсатилган манбалардан материалларни республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўриб чиқиш учун юборди.
Агентлик фуқароларни юқоридаги сайт, телеграм канал ва гуруҳ фаолиятида молиявий пирамида белгилари мавжудлиги, ҳамда уларнинг фаолияти қимматли қоғозлар бозори билан боғлиқ эмаслиги ҳақида огоҳлантиради.
Агентлик, шунингдек, фуқароларга сармоя киритишда эҳтиёткор бўлишни ва таклиф қилинган лойиҳаларда молиявий пирамидаларнинг қуйидаги белгилари мавжудлигини текширишни тавсия қилади:
- бозор даражасидан бир неча баравар юқори бўлган даромаднинг ваъда қилиниши;
- даромаднинг кафолатланиши (қимматли қоғозлар бозорида тақиқланган);
- янги иштирокчилар киритган пулнинг қайсидир қисми олдинги иштирокчиларга даромад тариқасида берилиши;
- ташкилотнинг молиявий ҳолати тўғрисида бирон бир маълумот йўқлиги;
- ташкилот фаолиятининг аниқ таърифи йўқлиги;
- капитал бозорида фаолият олиб бориш учун лицензиянинг йўқлиги ёки Капитал бозори агентлиги реестрларида ташкилот ҳақида маълумотларнинг мавжуд эмаслиги;
- оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоқларида юқори даромад келтириш билан боғлиқ бўлган агрессив реклама қилиниши.
Тасодифий хабарлар
Бундан буён автомобил ҳайдашнинг ўзи бўлмайди
БМТ Россияни “шармандалар рўйхати”га киритди
Прократура “мажбурий форма” учун тилхат олиш ортида ким турганини маълум қилди
Ўзбекистонликлар электромобиллар импортига қанча сарфлагани маълум бўлди
Янгийўлда бегона эркак 8 яшар қизни олиб кетмоқчи бўлди