Бу галги тадбир аввалгисидек бироз жўшқин ва баҳс-мунозараларга бой ўтмаслиги эҳтимоли юқори эди. Зеро, куни кеча Андижон туманида содир бўлган фожеа кўпчиликни «шок»ка туширган, унинг таъсири ҳали нари кетмаганди.
Шундай бўлди ҳам. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Андижон вилояти бошқармаси ва ҳудудий туман бўлимларининг 2019 йилги фаолияти сарҳибоси бўйича уюштирилган брифингда мавзу юзасидан мухтасар маълумотлар берилди. Сўнг, кутилганидек, асосий гап ижрочилари кўзи ўнгида ўзини ёқиб юбориши натижасида вафот этган фуқарога оид ҳолат теварагида кечди.
МИБ вилоят бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, айни мавзуда ижтимоий тармоқларда бонг урилгач, кўпчилик марҳум (уйдан мажбурий кўчиришга доир фуқаролик ишида жавобгар) тарафни ёқламоқда. Инсоний ҳис-туйғулар шунга ундайди, албатта. Ёш, навқирон йигитнинг бу тарзда вафот этиши, дарҳақиқат, фожеа. Шу маънода марҳумнинг яқинларини тушуниш не, балки ҳис қилиш мумкин. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Жавобгарни уйдан кўчириш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори мавжуд. Суд қарори эса сўзсиз ижро этилиши керак. МИБчиларнинг вазифаси шу.
Жавобгарни уйдан кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари бир марта кечиктирилган. Бу вақт мобайнида суд қарори қонунийлиги юқори инстанцияларда кўриб чиқилиб, ўз кучида қолдирилди. Бу эса ижро ҳаракатлари тўхтатилган жойидан давом эттириш лозим эканини англатади.
Матбуот анжуманига даъворгар тарафдан (суд қарори бўйича уйга киритиб қўйлиши лозим бўлганлар) вакил ҳам таклиф этилган экан. Унинг айтишича, аввалига ижро ҳаракати жараёнига ички ишлар ходимлари ҳам жалб этилганди. Жавобгар яна бир кун вақт бериши, шунда уйнинг калитини ўз ихтиёрлари билан топширишини айтганидан сўнг рози бўлдик. Шунингдек, унинг қўни-қўшнилар олдида хижолат бўлишаётгани, кўчириш жараёнига ички ишлар органлари ходимларини жалб этмаслик ҳақидаги гаплари ҳам тўғри қабул қилинди.
Шу сабаб эртасига фақат бюро ходимлари билангина бордик, - дейди даъворгар вакили. – Бироқ бир кун аввалги гапларига тескари равишда жавобгар «уйни бўшатмаймиз», деб оёқ олди. Вазият таранглашаётганини сезиб, ички ишлар ходимлари билан келмасак бўлмайди деб, ортга қайтаётган эдик. Аммо машинага ўтирар-ўтирмас, жавобгар ўзига бензин сепаётганига кўзимиз тушди. Атрофда бошқа одамлар ҳам бор эди, аммо... улгуришмади.
Ижрочилардан бири устидаги курткаси билан, яна бири эса челакда сув ташиб оловни ўчиришга ёрдамлашишди ҳамда зудлик билан шифохонага етказилди. Бироқ...
Бюро вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамидулло Масаитовга кўра, ижро жараёни доим силлиқ кечавермайди, аксар ҳолатда қарздор ёки жавобгарларнинг жанжал-тўполонлари сабаб МИБ ходимларининг ўз вазифасини бажаришлари оғир кечади. Хизмат вазифасини бажариши жараёнида тан жароҳати олган, ҳатто вафот этган ходимлар бор.
Бош прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари кетмоқда. Фожеа билан боғлиқ барча ҳолатлар аниқланиб, ҳуқуқий баҳо берилади.
Яна бир гап. Яқинда давлат ижрочиларидан бирининг онаси бюро вилоят бошқармасига учрашиб, ўғли тизимда ортиқ ишламаслиги, уни ишдан бўшатишларини сўрабди. Нега? «Ўғлим ишдан қайтгунича юрак ҳовучлаб ўтиришдан чарчадим, болам», дебди онахон...
Тасодифий хабарлар
Наманганда фуқароларга қалбаки авиачипта сотган аёлга жиноят иши қўзғатилди
Шавкат Мирзиёев эртага Қорақалпоғистонга боради
Наманганда 9 ойда 55 мингдан ошиқ чақалоқ дунёга келди
Олтин ва бензин нархи пасайди
Ўзбекистонда 4 млн тонна радиоактив чиқинди мавжудлиги маълум бўлди