“Ўзавтойўл” қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевнинг “Йўл-транспорт ҳодисалари йўлларнинг торлигидан эмас, ҳаракат нотўғри ташкил этилгани оқибатида юз бермоқда”, деб билдирган фикрини эшитиб, бир пайтлар интернет тармоқларида кенг ёйилган, ўзбекистонлик футболчиларга бағишланган “болаларда айб йўқ”, деган қочирим гап ёдимга тушди.
Тўғри-да, футболчиларда айб йўқ, ҳамма гап тренерларда, дегандек, А.Абдувалиевнинг гапидан ҳам йўл-транспорт ҳодисаларида йўл қурувчиларда айб йўқ, ҳамма айб ҳайдовчиларда деган маъно келиб чиқаяпти.
Аммо, ҳурматли Абдураҳмон Абдувалиев, бу гапни айтишдан олдин ўзингиз бошчилик қилиб келаётган қўмита фаолиятида ишлатилиб келинаётган бир қатор меъёрий ҳужжатлар талабларини кўздан кечирсангиз, яхшироқ бўларди. Агар ёдингиздан кўтарилган бўлса, биз уни эслатиб ўтамиз.
“Ўзавтойўл” ДАКга қарашли автомобиль йўллари илмий-текшириш институти томонидан киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг буйруғи билан тасдиқланган “Автомобиль йўллари”га оид шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари 2.05.02-07нинг 1.2-банди талабларига асосан автомобиль йўлларининг тоифаси йўлнинг белгиланган вазифасига ва келажакдаги ҳаракат миқдорига, яъники транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллигига қараб қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Жумладан, транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 14000 авт/суткадан юқори бўлса, автомобиль йўли 1-тоифага мансуб бўлган ҳолда, камида 4 та ҳаракатланиш бўлагига эга бўлиши лозим.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига бўлиниши, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари махсус ваколатли орган (бугунги кунда “Ўзавтойўл” қўмитаси) ихтиёрида бўлиши, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш мазкур йўллар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан таъминланиши, йўл ташкилотлари автомобиль йўлларининг соз ҳолатда бўлишини, улардан транспорт воситалари мутаассил ва хавфсиз ўтишини таъминлаши шартлиги белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунида автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилоти ўзига қарашли автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун бу йўлларнинг соз ҳолатда сақланишини таъминлаши, автомобиль йўлларини йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозланишини амалга ошириши ҳамда уларнинг сақланишини таъминлаши, шунингдек автомобиль йўлларининг ҳаракатланиш учун хавфли участкаларини аниқлаши ва бу участкаларда йўл ҳаракатини ташкил этишни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни кўриши кўрсатиб ўтилган.
Агар юқоридаги Қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига амал қилинадиган бўлса, Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига молик ва Наманган вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тасарруфида бўлган йўлда бугунги кунда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 30000 авт/суткадан ошиб кетганлигини инобатга олиш зарур. Бу дегани, йўлни 1-тоифага ўтказиш, камида 4 та ҳаракатланиш бўлагига эга бўлган йўл қуриш, қарама-қарши ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг оқимини бетон тўсиқлар билан ажратиш зарур, айниқса, ушбу йўлнинг 0-75 километрлари оралиғини 1-тоифага ўтказиб, камида 4 та ҳаракатланиш бўлагига эга йўл қуриш, қарама-қарши ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг оқимини бетон тўсиқлар билан ажратиш ишларини белгиланган тартибда дастурга киритиб, ижросини таъминлаш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларини Германия давлатидаги автомобиль йўллари билан таққослашни ҳам тўғри эмас деб ҳисоблайман. Чунки Германияда автомобиль йўлларини қуриш ва уларни сақлашда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан хатоликка йўл қўйилиши мумкинлигини инобатга олиб, ушбу хатолик оқибатларини имкон даражасида камайтиришга ҳаракат қилинади. Масалан, автобанларда ва асосий йўлларда қарама-қарши транспорт оқими сунъий равишда, муҳофазаловчи йўл тўсиқлари ёрдамида ажратилади. Қатнов қисмининг четки қисмида ҳар қандай тўсиқлар бўлишига имкон даражасида йўл қўйилмайди. Бунинг имкони бўлмаганда бундай жойлар хавфсизлик элементлари яъни урилиш оқибатларини камайтирувчи воситлар ёрдамида хавфсиз ҳолатга келтирилади.
Шу билан бирга йўлнинг ҳолати ва ушбу йўлнинг атрофидаги объектлар тўғрисида ҳайдовчиларга етарлича ахборот берилади. Яъники етарлича миқдорда йўл белгилари, ётиқ чизиқлар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатилади.
Республикамиз ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида аксарият ҳолларда ҳаракат иштирокчилари учун ахборотнинг камлиги, элементар хавфсизлик чоралари кўрилмаганлиги, аксарият автомобиль йўлларининг ҳолати талаб даражасида эмаслиги ҳаракат хавфсизлигига бевосита рахна солиб бахтсиз ҳолларга олиб келмоқда.
Хуллас шунақа гаплар, ҳурматли А.Абдувалиев. Сиз томонингиздан “йўл-транспорт ҳодисалари йўлларнинг торлигидан эмас, ҳаракат нотўғри ташкил этилгани оқибатида юз бермоқда” деб билдирган фикрдан фақатгина сиз эмас, балки барча қўмита ходимлари йўл соҳасига тегишли амалдаги қонунлар билан ўзларига юклатилган вазифаларни бажариш ўрнига айбдорларни четдан ахтариш билан машҳур бўлаётганликлари аён бўлмоқда. Узр, кўп гапириб юбордик, аслида “болаларда айб йўқ”.
Орифжон ЖЎРАЕВ
Тасодифий хабарлар
Светлана Ортиқова қорақалпоғистонлик прокурорларга танбеҳ берди
Мукофотлар топширилди: Шавкат Мирзиёев кимларни тақдирлади? (ФОТО)
Стикерлар бекор қилинади ва барча транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади
Эри мажбурлаб памперс едирган аёлга уй бериладиган бўлди
Коронавирус! Шифокорлар тирик эркакни ўлдига чиқариб, ўликхонага жўнатишди