Ноннинг нархи 40-45 фоизга ошади

Ноннинг нархи 40-45 фоизга ошади

Ҳукумат буғдой ва ун нархини либераллаштиришга қарор қилди. Эндиликда давлат фермерлардан ва донни қайта ишлаш корхоналаридан дон ва ун сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб турмайди. Натижада яқин вақт ичида нон нархи 1500 сўмга ошиши кутилмоқда, дея хабар берди Togri.uz’нинг Парламендаги манбаси. Таҳририят бир нечта мустақил манбалардан ушбу маълумотни қайта текшириб чиқди. 

Нега ун ва доннинг нархи ошмоқда?

Яқинда давлат харидлари бўйича фермерларнинг ғалласига паст нарх белгиланиши, унинг арзон баҳода сотилиши фермерлар ва дон корхоналарига иқтисодий зарар келтирмоқда, бу ҳолат ғалла ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантирмаслигини айтиб Олий Мажлис ва ҳукуматга мурожаат қилган эди.

Шунингдек, давлат донни қайта ишлаш корхоналарини фермерлардан 1 кг учун 1430 сўм буғдой сотиб олишга, кейин ишлаб чиқарилган унни давлат нархида – 1 килограммни 1400 сўмдан сотиш бўйича мажбурият юклаган. Дон нархининг кўтарилиши эвазига, корхоналар зарар кўради ва фермерлар билан ҳисоб-китоб қила олмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фермерларнинг дон нархини ошириш бўйича қилган мурожаатини ўрганиб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилгани айтилганди. Ўрганиш натижасида нархни либераллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши кутилганди.

Шунингдек, давлат нархида ун ишлаб чиқарувчиларнинг Togri.uz’га хабар беришича, айни вақтда уннинг 1 килограмми таннархи 2200-2400 сўмни ташкил қилади. Бироқ улар унни 1400 сўмдан сотиш мажбуриятини олган.

Нега буханка нон нархи ошмоқда?

Ун нархининг либераллаштирилиши натижасида уннинг бир килограмми нархи 2000-2500 сўмгача кўтарилиши мумкин. Нон ишлаб чиқарувчиларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, нон нархи 40-45 фоизга ошиши мумкин. Ҳозирда буханка ноннинг улгуржи нархи 1000 сўмни ташкил қилади. Дўконда эса 1100 сўмдан сотилмоқда.

Togri.uz манбалари буханка ноннинг нархи ошиши ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

“Ҳукумат дон ва ун нархини либераллаштиришга қарор қилди. Ҳа, бу буханка ноннининг 1500 сўмгача ошишига олиб келади. Аммо бюджет кам таъминланган ва кўп болали оилаларнинг харажатларини қоплайди – улар қарийб 2 миллион кишини ташкил қилади. Ҳар бир оилага ҳар ойда нон сотиб олиш учун 50 минг сўмдан маблаг ажратилади”, деди Togri.uz манбаси.

Буханка ноннинг харажатлари учун компенсация нима дегани?

Ҳозирда ҳукумат нон учун сарф-харажатларни қоплаш учун ойига қарийб 1,6 миллион кишига 22,5 минг сўм тўламоқда. Компенсация нархи 50 минг сўмга оширишга қарор қилинган. Шунингдек, кўп болали оилалар (3 дан ортиқ болали оилалар) учун компенсация беришга қарор қилинган. Шу тариқа компенсация оладиган одамлар сони 1,9 - 2 миллионга етади.

“Қарийб 2 миллион оила ойига 50 минг сўм миқдорида компенсация олади. Бюджет учун бу ойига 100 миллиард сўм деган. Йилига - 1,2 триллион сўм. Бу жуда катта пул, лекин ҳукумат кам таъминланганларни қўллаб – қувватлашга қарор қилди, аммо энди бу фермерларни қашшоқлаштириш эвазига қилинмайди”, деди Togri.uz’нинг яна бир манбаси.

Нон нархи қанчалик тез-тез ошади?

Ноннинг нархи охирги марта 2018 йил сентябрь охирида 1100 сўмга кўтарилганди. Бундан олдин нон нархи қарийб 5 йил давомида 600 сўм қилиб ушлаб турилганди.

“Нон ишлаб чиқарувчилар зарарига ишлай бошлади. Кўпчилик одамлар чорва молларини боқиш учун буханка нон беришни бошлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, буханка нон 600 сўм. Бир килограмм кепак эса 1000 сўм эди. Чорвани нон билан боқиш янада фойдалироқ бўлди”, деди Togri.uz суҳбатдоши.

ҚҚС нима бўлади?

Ҳукумат яқинда маҳаллий дондан нон ва ун ишлаб чиқарувчилари учун қўшилган қиймат солиғи имтиёзини узайтирганди. Бу нон нархининг кескин ўсишига йўл қўймаслик учун қилингани хабар қилинганди.

Унда импорт қилинган дон ва ун учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинганди.

×