Ўзбекистонда иш жойидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар қилиш бўйича онлайн мурожаат портали ишга туширилади. Бу ҳақда кеча, 21 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 345-сонли қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларда Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури (Дастур) босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 декабргача Бошқарув самарадорлиги агентлигининг (Агентлик) ахборот тизимларида давлат органлари ва ташкилотлари учун қуйидаги имкониятларга эга “Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити” ахборот портали (Портал) ишга туширилади. Порталга қуйидаги вазифалар юклатилади:
- Ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига оид мурожаатни онлайн қабул қилиш;
- давлат органлари ва ташкилотларида Портални юритиш учун масъул ходимлар (масъул ходимлар), уларнинг бевосита раҳбарлари ёки давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни автоматик тарзда давлат органлари ва ташкилотларининг юқори турувчи инстанциясига жўнатиш;
- тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни текшириш, далилларни тўплаш, хулосалар тайёрлаш, ахборот алмашинуви ва мулоқотларни Портал орқали амалга ошириш;
- тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича текширувлар ўтказилиши, уларнинг натижалари, кўрилган чоралар ҳамда уларнинг ўзгартирилиши билан боғлиқ жараёнларга оид маълумотларни Порталда сақлаб қолиш ва уларнинг йўқ қилинишига йўл қўймаслик;
- тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда мурожаатларни “112” ягона диспетчерлик хизмати орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органга юбориш ва бошқалар.
Бундан ташқари, Агентликка давлат органлари ва ташкилотларида Дастур доирасида белгиланган қоидалар аниқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлаш мақсадида Портал орқали мониторинг қилиш натижасида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати берилади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат жамоаларига ички меҳнат тартиби қоидалари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланган жинсий ёки жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик ҳолатларини меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш сифатида баҳолашни белгилаш тавсия этилган.
Ходим тарафидан ёки ходимга нисбатан содир этилган тазйиқ, руҳий босим, камситиш ҳолатлари ҳамда мурожаат муносабати билан таъқиб қилиш ҳолатларини эса меҳнат интизомини бузиш сифатида баҳолашни белгилаш қайд этилган.
Тасодифий хабарлар
Коронавируснинг «яширин» тарқалиш йўли аниқланди
Қайнонасини ўлдириб, жасадини чамадонга жойлаган куёв қўлга олинди
Ақлли соатлар шифокор бўла олмайди
Жиззахда ўқитувчи ЙПХ инспекторига пора таклиф қилди
Ishga joylashtirishni va’da qilib, jinoyatga qo‘l urgan shaxs ushlandi