Хитой Халқ Республикасининг марказий Хубэй провинциясининг Ухань шаҳридан бошланиб, мамлакатнинг қолган қисмлари ва яна қатор мамлакатларда кузатилаётган юқумли вирус – короновируснинг кенг тарқалаётгани ва инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётгани бутун сайёрамизда хавотирларни кучайтириб юборди.
Ҳозирча вакцинаси топилмаган зотилжам хасталигининг тарқалиши соясида расмий Пекин мамлакатнинг 8 та провинциясида карантин жорий этди. Хитой ҳукумати ўз фуқароларига мурожаат қилиб кўп одам йиғиладиган жойларга бормаслик, оммавий тадбирларни бекор қилишга чақирди. Охирги маълумотларга кўра, Хитойда янги коронавирусдан касалланганлар сони 830 нафардан ошиб кетди, унинг қурбонлари сони 26 нафарга етди. Қурбонлардан 24 нафари Ухань жойлашган Хубэй провинциясида, яна 2 нафари унинг ташқарисидаги ҳудудларда вафот этган. Вирус, шунингдек, Хитой ташқарисига чиқиб, у билан касалланиш ҳолатлари Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Вьетнам, Сингапур ва Таиландда қайд қилинган. Вируснинг коронавирус деб аталишига сабаб шуки, унинг атрофидаги ўсимталар тожга ўхшайди.
Куни кеча Хитой соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги вирус одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин. Шу боис бир неча давлат вирус тарқалишини олди олиш учун чора кўрмоқда. Хусусан, Осиё давлатлари аэропортларида йўловчилар текширилмоқда. Шунингдек Австралия, Бангладеш, Непал, Сингапур ва АҚШ аэропортларида ҳам назорат кучайтирилди. Вирус тарқалиши ортидан Ўзбекистонда ҳам чегара назорати кучайтирилди.
Олимлар тахминларига кўра, вирус Ухан шаҳридаги мол бозоридан бошланган. Эпидемияга коронавируснинг аввал кузатилмаган тури сабабчи эканлиги аниқланди.
2003 йилда коронавируснинг бошқа бир тури оғир ўткир респиратор синдроми эпидемиясини келтириб чиқарган эди. Ўшанда ҳам вирус ҳайвонлардан одамларга юққан. 2002-2003 йилларда синдром 37 давлатда 8 мингдан ошиқ кишига юққан, 774 нафар кишининг ёстиғини қуритган. Коронавируснинг турли хиллари одамлар ва ҳайвонлар ичида тарқалган бўлиб, айримлари енгил, айримлари оғир касалликларга олиб келади. Гарчи вирус кучли хавотирларга сабаб бўлаётганига қарамай, чоршанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касалликни глобал фавқулодда вазият деб топишга қарор қилмади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходимлари тарқалаётган вирусни глобал фавқулодда вазият деб эълон қилишдан олдин касаллик ҳақида тўлиқроқ маълумот тўплаш керак бўлишини айтишди. Улар якуний қарор чиқаришда бундай чора халқаро савдога кўрсатадиган таъсир ҳам эътиборга олинишини қўшимча қилишди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сўнгги марта 2014-2016 йилларда Ғарбий Африкада тарқалган Эбола вирусини глобал фавқулодда вазият деб белгилаган эди.
Хитойда янги тарқалган вирусга қарши чоралар кўрилмоқда, бироқ коронавирус ҳақида маълумот кам бўлгани сабаб ундан даволаш усуллари ҳам ноаниқ. Вирус нафас олиш йўллари, ошқозон-ичак тракти, асаб тизимига зарба беради. Унинг 2002-йилда тарқалиб, 774 одамнинг ўлимига сабаб бўлган САРС вирусига ўхшашлиги айтилади. 2012-йилда эса бошқа бир коронавирус – Яқин Шарқдаги нафас олиш йўллари синдроми тарқалган эди. “Бу вирус одамларга ҳар ҳолда кўршапалаклардан юққан, аммо ҳозир туяларга ҳам ўтган. Бу коронавирусларнинг ҳайвондан инсонга ўтиш хусусияти мавжуд”, — дейди Мериленд университети олими Меттю Фримен. Ўтган йил декабр ойи охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида илк бор қайд этилган янги коронавирус инсонга денгиз маҳсулотларидан ўтгани, сўнг эса ҳаводан, масалан, оддий йўтал ёки аксириш билан юқиши аниқланди. Фрименнинг айтишича, коронавирусни юқтириш жуда осон. Ёши катталарнинг унга қаршилик кўрсатиши қийинроқ. “Агар 65 ёки ундан катта бўлсангиз, асоратлари кўп бўлиши мумкин”, — дейди АҚШ соғлиқни сақлаш институтидан Энтони Фаучи. Асоратларга пневмония, бронхит, буйрак етишмовчилиги, ўпкада суюқлик тўпланиши ва ҳатто ўлим мисол бўла олади. “Иккиламчи бактериал инфекцияга учрасангиз, антибиотик ичишингиз мумкин. Нафас олиш қийинлашса, респиратордан фойдаланса бўлади, аммо шунда ҳам соғайиб кетишга кафолат йўқ, чунки вирус янги”, — дейди доктор Фаучи. Дунё олимлари айни дамда уни ўрганмоқда.
“Вирус қаердан келди, қандай фаолият юритади, унинг тарқалишини тушуниш учун диагностика ишлаб чиқиш мумкинми? Шуларни билиш муҳим”, — дейди Фримен. Айни пайтда АҚШ Юқумли касалликларнинг олдини олиш маркази қўлни тез-тез ювишни, йўталганда оғизни тирсак ёки салфетка билан ёпишни тавсия қилмоқда.
Энг ёмони, Хитойдан тарқалаётган янги тож вирусининг глобал эпидемияси АҚШ-ХХР савдо урушидан кўра кўпроқ миқёсда жаҳон иқтисодиётига зарба бериши мумкин. Маълумки, бу икки давлат савдо жанжалидан дунё 600-700 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ зиён кўрган. Айтиш жоиз: жаҳон биржалари ҳозирдан “қалтирашга” тушган. Авиакомпанияларнинг, акциялари, ҳашаматли буюмлар билан савдо қилувчи казино ва компанияларнинг моллари нархи кескин тушиб бормоқда. Нефть котировкалари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Экспертлар ҳисоб-китобига қараганда, хавотирлар ошиб бораверса, “қора олтин” нархи камида 3 долларга арзонлашади.
Ухань қандай шаҳар?
Ухань айрим маълумотларга кўра, дунёнинг йирик шаҳарлари рўйхатида 42 – ўринда, Хитойда 7 – ўринда туради. БМТ маълумотларида айтилишича, Уханда 9 миллиондан 11 миллионгача киши истиқомат қилади. Шаҳарнинг ҳажми ва унинг иқтисодий тараққиёти Осиё ҳамда жаҳоннинг бошқа мамлакатларига, шу жумладан, АҚШгача бу қадар катта тезликда тарқалганига ойдинлик киритгандек бўлади. 2016 йилдан бери ҳар йили Ухань Тяньхэ аэропорти 20 миллиондан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади. У ердан Лондон, Париж, Дубай ва ер шарининг бошқа кўплаб шаҳарларга тўғридан-тўғри ҳаво парвозлари амалга оширилади. Янцзи дарёси қирғоғида жойлашган шаҳар ўзининг юқори технологияси ва саноати билан танилган. Уханда саноатлашган зоналар кўп ва 52 та ўқув муассасалари бўлиб, унда 700 минг талаба таҳсил олади. Fortune Global рўйхатидаги 500 та йирик компаниянинг 230 таси шаҳар саноатига сармоя киритган.
Хитой ҳукуматига кўра, янги вирус Хитой марказидаги Ухан шаҳридаги балиқ бозорига денгиз жониворларини ноқонуний олиб келган одамлардан бошқаларга юққан. Ҳукумат Ухан шаҳрига бормаслик ва шаҳардан чиқмаслик маслаҳатини берди ва ҳатто карантин эълон қилди. Боз устига, барча кенг кўламли тадбирларни — ой тақвими бўйича 25 январга белгиланган Янги йил байрами, оммавий сайллар, шу жумладан ибодатхоналардаги анъанавий ярмаркаларни бекор қилишга тўғрисида қарор қабул қилинган.
Вирус Саудиягача етиб борди
Саудия Арабистонининг Ҳамис-Мушайт шаҳридаги шифохонада Ҳиндистоннинг Керала штатидан 30 ҳамшира улардан бири янги турдаги коронавирус билан зарарланганликка гумон қилингач карантинга жойлаштирилди. Бу ҳақда The Hindustan Times нашри маълум қилди. Керала штати ташқи ишлар вазири Велламвелли Муралидхараннинг таъкидлашича, Саудия Арабистонидаги шифохонада 100 дан кўпроқ ҳиндистонлик ҳамшира ишлайди ва улардан 30 нафари кузатув остига олинган. 38 ёшли ҳамшира коронавирусни у билан зарарланган бемор билан алоқада бўлганда юқтириб олган. Кейинроқ ушбу ҳамшира билан алоқада бўлган барча ҳамширалар карантинга жойлаштирилган. Ҳамшираларнинг айтишича, улар бирор-бир текширувсиз карантинга жойлаштирилган.Бироқ ҳамширалардан бирининг яқини маълум қилишича, 20 ҳамширадан вирусга таҳлил олинган ва барча тестлар вирус борлигини кўрсатган. Янги вируснинг инкубацион даври ҳақида ҳеч нарса маълум бўлмагани сабабли барча ҳамширалар карантинга олинган. Манбанинг таъкидлашича, ҳамшираларнинг аҳволи “ҳақиқатан аянчли”.
Хавфқайдаражада?
Коронавирус инфекциясининг оқибатлари турлича: ўртача шамоллашдан ўлимгача. Янги вирус ушбу диапазоннинг ўртасида жойлашган кўринади.
“Биз янги коронавирус билан дуч келганимизда, аломатлар жиддийлигини аниқлашга интиламиз. Бу сафар симптомлар шамоллашни эслатади, яъни хавотирланишга асос бор, лекин бу SARSʼдек қўрқинчли эмас”, — дейди Эдинбург университети профессори Марк Вулҳаус. Яқин Шарқ респиратор синдроми (Mers) эса одамларга дромедарлардан — бир ўркачли туялардан мунтазам равишда юқиши кузатилганди. У аниқланган 2012 йилдан бери маълум бўлган 2494 зарарланиш ҳолатидан 858таси ўлим билан якунланган.
Қайси ҳайвон ташувчи бўлган?
Вирус ташувчи қайси ҳайвон эканлиги аниқланганда, муаммо осонлашади. Бу сафар инфекцияни юқтириш ҳолатлари Ухандаги улгуржи денгиз маҳсулотлари бозори билан боғлиқ эди. Коронавируснинг ташувчиси бозорда сотиладиган белуха (Шимолий қутб денгизида яшовчи йирик дельфин) каби денгиз сутэмизувчилари бўлиши мумкин, шунингдек, у ерда товуқ, кўршапалак, қуёнлар ва илонлари ҳам сотилади. Инфекция манбасини улар орасидан ҳам излаш керак.
Нима учун бу Хитойда юз берди?
Профессор Вулҳауснинг сўзларига кўра, бу аҳоли сони, унинг зичлиги ва вирус ташувчи ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлишига боғлиқ. “Ҳеч ким навбатдаги вируснинг Хитойда ёки ўша минтақа мамлакатларида содир бўлганига ажабланмаяпти”. Барча беморларда аломатлар 2019 йил 12 декабрдан 29 декабргача пайдо бўла бошлаган. Вирус юқтирган одамлар бошқа беморларга тарқалиш хавфини бартараф этиш учун изоляторларда даволанишди. Беморлар билан алоқада бўлган 150 нафардан ортиқ одам ҳам ҳозирда кузатув остида. Йўловчиларни текшириш учун тана ҳароратини аниқловчи сканерлар ўрнатилди. Денгиз маҳсулотлари бозори тозалаш ва зарарсизлантириш учун ёпилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нима дейди?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойда тарқалган янги типдаги коронавирусдан қандай ҳимояланиш мумкинлиги бўйича тавсиялар берди. Тегишли тавсиялар ташкилотнинг Twitterʼдаги саҳифасида эълон қилинди. ЖССТ мутахассислари коронавирусдан ҳимояланиш учун қуйидагиларга амал қилишни тавсия қилишган:
- қўлларни совун билан ювиш ёки спиртли асосдаги воситалар билан артиш;
- йўталганда ёки аксирганда оғиз ва бурунни дастрўмол ёки билак билан ёпиш;
- шамоллаш ва грипп аломатларига эга одамларга яқинлашмаслик;
- гўшт ва тухумни истеъмол қилишдан олдин термик қайта ишлаш;
- ёввойи ҳайвонлар ва чорва билан ҳимояланмаган алоқалардан қочиш.
Янги вирус ҳақида нималар маълум?
Биринчидан, 2019-nCoV вируси ҳали одамларга юқмаган коронавируснинг бир вариантидир. Иккинчидан, коронавируслар — 38 турдаги вирусларни ўз ичига оладиган вируслар оиласи, уларнинг олтитаси (ва янги вирус билан — еттитаси) одамга юқади.
Иккинчидан, тадқиқотчиларнинг фикрича, вирус одамларга ҳайвонлардан юққан, аммо у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин.
Учинчидан, инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд.
Тўртинчидан, одамларга ҳайвонларга тегинмаслик, етарли даражада қайнатилмаган ёки қовурилмаган гўшт ва тухумлардан сақланиш ва шунингдек шамоллаш ёки грипп белгилари бўлган одамлар билан алоқа қилмаслик тавсия этилмоқда.
Марказий Осиё давлатлар қандай чора кўрмоқда?
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди, “хусусан Хитойга боришни режалаштираётган ватандошларимизни зарурий эҳтиёт чораларини кўришга“ чақирди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат сарҳадларида хориждан келаётган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларини тиббий кўрикдан ўтказиш кучайтирилгани ҳақида хабар тарқатди.
Қирғизистон эса Хитойдан гўшт ва гўшт маҳсулотларини олиб кирилишини вақтинча чеклади. Бу ҳақда Давлат ветеринария ва фитосанитар хавфсизлик инспекцияси маълум қилди. Таъкидланишича, 2019 йилнинг декабрида Қирғизистонга Хенань вилоятидан 48 тонна ўрдак гўшти олиб келинган, гўштларнинг хавфсизлиги ветеринария диагностикаси ва экспертиза марказида текширилган. Муассасанинг таъкидлашича, Хенань вилояти янги вирус қайд қилинган Хубэй вилоятидан 500 километр узоқликда жойлашган, барча ҳолатларга ойдинлик киритилгунга қадар Хитойдан гўшт маҳсулотларининг олиб кирилишга чеклов қўйилиши таъкидланди. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Хитойдан келган барча фуқаролар қўшимча равишда текширилмоқда.
— Ҳозирча коронавирус билан оғриган беморлар бизда қайд қилинмади. Қирғиз-Хитой чегарасидаги “Иркештам” ва “Торугарт” Назорат Ўтиш пунктларида, шунингдек, аэропортларда санитар-карантин пунктлари ишламоқда. Бу пунктларда мутахассислар Хитойдан келган ҳар бир фуқарони текширмоқда. Ҳарорати баланд бўлган ва юқумли касалликлар гумони бўлган одамларни аниқлаш мақсадида тепловизор ишламоқда. Хитойда янги йил нишонланиши муносабати билан 23 январдан 1 февралга қадар Урумчи-Бишкек-Урумчи рейси вақтинча тўхтатилди. Хитойда авж олган вирусдан ҳимояланиш мақсадида Қозоғистон, Тожикистон ва Россия ҳам ўз чегараларида ва аэропортларида санитар назоратни кучайтирди.
Manba: uza. uz
Тасодифий хабарлар
Россиядан “UzAuto Motors” заводига олиб келинаётган хомашёлар ўғирлаб кетилди
Халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик Чимкентда ушланди
СВЕРДЛОВСК ВИЛОЯТИ ГУБЕРНАТОРИ НАМАНГАНГА КЕЛДИ
Ўзбекистон Махачқалъага мунтазам парвозларни йўлга қўймоқчи
Украинадаги рус қўшинларида ўқ-дорилар ва ракеталар етишмаяпти