Асакада турмуш ўртоғини ўлдириш учун одам ёллаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, шу йилнинг 9 февраль куни Асака туманидаги «Гумбаз» кафеси олдида аёл О.Д. (1984 й.т., тадбиркор) фуқаро А.А. билан кўришиб, турмуш ўртоғи А.Ш.ни (1985 й.т., тадбиркор) ўлдириш эвазига 50 минг АҚШ доллари ваъда қилади ва олдиндан 6000 АҚШ доллари беради. Маълум вақтдан кейин аёл «келишув» ҳисобидан «киллер»га таниши Ж.Э. орқали 2 жуфт сариқ металдан ясалган аёллар билакузуги ва 1 дона сариқ металдан ясалган занжир ҳам бериб юборади.
Шу йилнинг 14 февраль куни кеч соат 22.30 атрофида тегишли орган ходимлари томонидан махсус тадбир ташкил этилади. Унга кўра, «ёлланган» А.А. ва унинг таниши Ж.Э. аёлга «вазифа бажарилганини» ҳақида хабар бергач, томонлар Асака шаҳридаги «Ирис» кафеси биносида учрашишади. Айни жараёнда «киллер» аёлга эри ўлдирилганлиги акс этган фотосуратни телефон аппарати орқали кўрсатади. Ўз навбатида аёл «эри гумдон қилингани»га ишонч ҳосил қилиб, ваъда қилинган пуллар ҳисобидан тилла тақинчоқлар (аёллар занжири, браслет, узуклар, сирға) бераётган пайтда қўлга олинади.
Айни пайтда аёл қамоққа олинган. Унга нисбатан Асака туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Янги йил кечасида қор ёғадими?
Ўзбекистонга янги турдаги вакцина олиб келинди
Чет элда ўзбекистонлик ўсмирнинг аёвсиз калтаклангани айтилмоқда (видео)
Бугун Аё София ибодатхонасида 1934 йилдан буён илк бор жума намози ўқилади
Наманганда қутқарувчилар шу кунларда чўкиб кетган 4 кишини қидирмоқда