Ижтимоий тармоқларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларига Ҳиндистон ҳамда Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик бўйича оғзаки кўрсатма берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати раддия эълон қилди.
Қайд этилишича, жорий ўқув йилидан бошлаб хорижлик абитуриентларни Ўзбекистон олий таълим ташкилотларига қабул қилиш жараёни “Study in Uzbekistan” ягона электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда. Платформа хорижлик абитуриентларга Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотлари, таълим дастурлари, қабул шартлари ва тўлов миқдорлари ҳақида ягона манба орқали маълумот олиш, ҳужжатларни электрон тарзда топшириш ва ариза ҳолатини кузатиш имконини беради.
“Янги тизимнинг асосий мақсади – хорижлик абитуриентлар учун қабул жараёнини янада очиқ ва шаффоф қилиш, уларни турли воситачиларга боғлиқ ҳолатдан чиқариб, олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратишдир. Платформада рўйхатдан ўтиш бепул бўлиб, абитуриент танлаган олий таълим ташкилотига бевосита ариза топшириши мумкин”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, шу билан бирга, Ўзбекистон хорижий талабалар оқимини чеклашдан эмас, аксинча, уни кенгайтиришдан манфаатдор. Бу борада асосий мақсад хорижий талабалар географиясини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг таълим олиш учун жозибадор мамлакат сифатидаги имкониятларини дунёнинг турли давлатларида кенг тарғиб қилиш ва таълим экспортини барқарор ривожлантиришдан иборат.
Хорижий талабаларни қабул қилиш ҳажми эса ҳар бир олий таълим ташкилотининг мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб олий таълим ташкилоти томонидан белгиланади. Бунда таълим муассасасининг ўқув аудиториялари, ўқув-лаборатория базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, талабалар турар жойлари ва бошқа инфратузилма имкониятлари ҳисобга олинади.
Хорижлик абитуриентларга Ўзбекистонда таълим олиш учун расмий “Study in Uzbekistan” платформасидан фойдаланиш, қабул шартлари бўйича маълумотларни бевосита танланган олий таълим ташкилотидан олиш ва турли воситачиларга асоссиз тўловларни амалга оширмаслик тавсия этилади. Агар хорижлик абитуриент қабул жараёнида муайян муаммога дуч келса, бу ҳақда платформадаги расмий мурожаат каналлари орқали хабар бериши мумкин.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида 21 042 нафар чет эл фуқаролари ўқиш мақсадида Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 11,5 минг нафарга ёки 2,2 баробарга ошган.
Мазкур даврда Ўзбекистонга ўқиш мақсадида келган чет эл фуқаролари сони мамлакатлар бўйича қуйидагича:
- Туркманистон – 9 207 нафар;
- Ҳиндистон – 3 723 нафар;
- Тожикистон – 1 915 нафар;
- Хитой – 951 нафар;
- Қирғиз Республикаси – 834 нафар;
- Покистон – 689 нафар;
- Миср – 603 нафар;
- Корея Республикаси – 526 нафар;
- Филиппин – 367 нафар;
- АҚШ – 302 нафар;
- Бошқа давлатлар – 1 925 нафар.
Тасодифий хабарлар
ИИВнинг Қўриқлаш бош бошқармаси Миллий гвардияга ўтказилди
Наманганда ҳайдовчи ЙПХ ходимига 1000 доллар ва 4 та телевизор таклиф қилди
Ақлли соатлар шифокор бўла олмайди
Ўзбекистонда электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилмалар яратилади
Наманганда қулоқчин тақиб юрган йигитни поезд уриб кетди