Ўзбекистон FIFA’дан 7,5 млн доллар олиши мумкин

Ўзбекистон FIFA’дан 7,5 млн доллар олиши мумкин

Европа футбол иттифоқи (UEFA) президенти Александр Чеферин FIFA президенти Жанни Инфантинони ташкилотнинг 211 та аъзо ассоциациясининг ҳар бирига, жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциациясига ҳам 7,5 миллион доллардан маблағ ажратишга чақирди. Бу ҳақда “Mirror” нашри хабар берди.

“FIFA, албатта, молиявий жиҳатдан барқарор бўлиб қолиши, мавжуд мажбуриятларини бажариши ва етарли захираларни сақлаши керак. Бизнинг таҳлилимиз ҳам бу жиҳатларни тўлиқ ҳисобга олади. Бироқ FIFA ҳозирда миллиардлаб долларлик жамғарилган захираларга эга. Бу маблағлар футболга тегишли бўлиб, ўйин ва унинг 211 та аъзо ассоциацияси манфаатларига хизмат қилиши керак”, дейди Чеферин.

UEFA раҳбари эҳтиёткорлик FIFA захираларининг бир қисмини ташкилотнинг прогноз қилинган эҳтиёжларидан ортиқ бўлган ҳолатда футбол ривожи учун масъулиятли тарзда ишлатиш имкониятини кўриб чиқишга тўсқинлик қилмаслиги кераклигини айтган.


Аввалроқ, жорий йилнинг июль ойида Жанни Инфантино FIFA’нинг асосий мусобақаларини бошқарадиган алоҳида компания ташкил этиш режасини илгари сургани маълум бўлган эди. Унинг фикрича, FIFA Forward Enterprise компаниясини ташкил этиш аъзо ассоциацияларнинг даромадларини ошириш ва дунё бўйлаб футбол ривожига ҳисса қўшиши мумкин.

FIFA маълумотларига кўра, мазкур ташаббус 4,2 миллиард доллар миқдорида маблағ жалб қилиши мумкин. Бироқ лойиҳа расмийлар, федерациялар ва бошқа ташкилотлар томонидан танқид қилинди.

Маълумот учун, 56 ёшли Жанни Инфантино 2016 йил февраль ойидан бери FIFA раҳбари сифатида фаолият юритиб келади.


Теглар:
×