Сербия Президенти Александр Вучич мамлакат бир йил ичида узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлашини ҳамда ушбу масалада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 8 сентябрь куни Сербия – Ўзбекистон бизнес-форумида сўз очди.
“Мудофаа саноатида катта натижаларга эришишимиз мумкин. Биз мудофаа саноатимизда илгарилаб боряпмиз, ўрганяпмиз, баъзи катта давлатлардан технологиялар трансферини амалга оширяпмиз. Шунингдек, бошқа инсонларга ҳам ёрдам беряпмиз”, дейди Вучич Белградда ўтказилган форумнинг очилиш маросимида ўзбекистонлик тадбиркорларга қарата.
У Мудофаа вазирининг моддий ресурслар бўйича ёрдамчиси Ненад Милорадовичдан Сербия қанча вақт ичида узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаши мумкинлиги ҳақида сўраган ва Сербия яқин масофали ракеталарни аллақачон ишлаб чиқараётганини қўшимча қилган. Бунга жавобан Милорадович бир йил ичида эканини айтган.
“Бир йил ичида биз узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаймиз ва бу масалада ҳам сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу Сербия аҳолисига камдан кам ҳолларда айтадиган янгилигимиз, аммо бу бизнинг ҳам технологик, ҳам аҳамиятли – саноат соҳасидаги илгарилашимиздан далолат беради. Мутахассисларимиз кўп нарсага эришди ва ишонаманки, айтиб ўтганимдек, бир йил ичида буни ҳам амалга ошира оламиз. Ушбу соҳада ҳам биродарларимиз ва ўзбекистонлик дўстларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, дейди Вучич.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Сербияда бўлган эди. Музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Бундан ташқари, устувор йўналишларда эришилган келишувларни мустаҳкамлаган салмоқли ҳужжатлар тўплами алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчисига Сербиянинг олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси орденини тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Белград кўчаларидан бирига “Тошкент” номи берилди. Ишбилармонлик дастури доирасида икки давлат раҳбарлари қўшма бизнес форумида иштирок этди.
Тасодифий хабарлар
Самарқандда «автомойка» ходими мижознинг машинасини олиб қочди
"Apple" ходимлари "iPhone" ишлатишдан қўрқади
Наманганда Фуқарога телефондан туриб қўпол муомалада бўлган ҳокимлик ходими интизомий жазога тортилди
3 мактабнинг юқори синф ўқувчи қизлари жанжаллашди
“Ватандошлар” фонди Украинадаги зиддиятлар бўйича ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди