Тошкентлик қиз отасини ўлдириш учун «киллер» ёллади

Тошкентлик қиз отасини ўлдириш учун «киллер» ёллади

Бир жиноят иккинчисини фош қилди. Кейингиси унча-мунча тасаввурга сиғмайдиган қилмиш бўлиб чиқиши ҳатто терговчиларнинг хаёлига келмаган бўлса керак.

Воқеликка кўра, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида ўттиз тўққиз ёшли М. Т.га (муқаддам судланган) оид жиноят иши (105-модда, қасддан баданга шикаст етказиш) астойдил тергов қилаётганди. Айбланувчи нима сабабдан ўзидан йигирма ёш катта жабрланувчини темир бўлаклари билан урганини тушунтириб беролмайди. У деб кўради-бу деб кўради, бироқ гаплари ҳеч ёпишмайди.

Охири ҳаммасини тан оладики, натижада у шунчаки зўравон эмас, балки нўноқ «киллер» экани фош бўлади. Яъниким, М. Т. жабрланувчининг қизи томонидан 15 минг АҚШ доллари эвазига ёлланиб, келишувга кўра, уни (жабрланувчини) ўлдириши керак эди. Бироқ жабрланувчига ўртача оғирликда шикаст етказишга улгуради, холос.

Шу тариқа қўзғатилган жиноят иши қўзғатилади, тергов жараёнида эса одам ўлдиришга қилган ҳаракат ниҳоясига етмай қолгани аниқланиб, айбланувчининг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «п» бандига (одам ўлдиришга суиъқасд қилиш) қайта малакаланади. Вазиятнинг кескин ўзгариб кетиши эса жабрланувчининг қизи ва шу ишга алоқадор бошқаларни ҳам қўлга олишига олиб келади.

Xabar.uzнинг манбасига кўра, қизнинг (1987 йилда туғилган) одам ёллаб отасини жисмонан йўқ қилишга уриниши икки ўртадаги мулк можаросига тақалиши айтилмоқда.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


×