Тошкентда йигит бошқа бир йигитни ўлдириб, севган қизини пичоқлади

Тошкентда йигит бошқа бир йигитни ўлдириб, севган қизини пичоқлади

Халқимизда “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган мақол бор. Бежиз бу мақолни эсламадик. Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз – муқаддам судланган ва шартли ҳукм қўлланилиб синов муддати тайинланган, кейинчалик судланганлик муддати тугалланган йигит яна суд курсисида...

Ўтган давр мобайнида ўзига тегишли хулоса чиқармаган судланувчи йигит босиб ўтган “йўли”дан қайта юришига эса ойдинлик киритилмаган муносабатлар сабаб бўлди. Бироқ якунда сўнгги пушаймон ўзига душман бўлган бўлса ажабмас...

У деҳқон бозори орқа қисмида жойлашган автотураргоҳга кириш қисмидаги йўлакчада бир фуқаро билан дастлаб яхши муносабатда гаплашади. Фуқаро сундаланувчига гаплашиб юрган қизи билан оила қуролмаслигини, уни тинч қўйишини тушунтирганида рози бўлади. Ўзаро қўл ташлашиб хайрлашган бўлсада, безорилик оқибатида ёнида бўлган ошхона пичоғи билан қуролланади. Фуқарони қасддан ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ билан унинг кўкрак ва қорин қисмига бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.

Бундан ташқари, судланувчи тунги соат тахминан 23:00 ларда ишқий муносабатда бўлган қизи билан ўзаро келиб чиққан жанжал сабабли, пичоқ билан унинг кўкрак қисми, ўнг елка ва билак соҳаларига бир неча маротаба уриб, қасддан соғлигининг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказган.

“ЕРГА ЎТИРИБ, СЎНГ ЁТИБ ҚОЛДИМ”

Судда жабрланувчи қиз қуйидагиларни баён қилди...

— У билан танишиб, ишқий муносабатда бўлиб келганмиз. Муносабатларимиз яқин бўлиб кетгани сабаб, унга қарз берганман. Воқеа содир бўлган кун у билан бирга эдик. Шу боис бозордаги иш жойимга кечки соат 18:00 да келдим ва нарсаларим сотилмай қолганини кўрдим. Эртаси куни вилоятга тўйга кетишимиз керак бўлгани боис сингилларим ҳам бозорга келганди. Судланувчи тинмай қўнғироқ қилавергач, синглим жавоб берди ва тинч қўйишини сўради. Яна қўнғироқ қилавергач, ўзим телефонни кўтардим, “уйга кетиб қолма, ҳозир бозорга етиб бораман”, деди. Сингилларим билан уни кутиб турдик. Кўчадаги танишимдан 500 000 сўм қарз бўлганим сабабли, қарзимни қайтаришимни сўраб ўша куни кун давомида бир неча маротаба қўнғироқ қилганди. Шу боис қарз берган танишимни кечки пайт чақирдим, мақсад қарзимни бериб юбориш эди.

Тахминан соат 22:00 лар атрофида судланувчи етиб келди. Сингилларим унга чиройли муомала билан мени тинч қўйишини айтишди. Шу вақт қарз берган танишим ҳам келиб қолди. Тортишув бўлаётганини кўриб, у ҳам аралашди. Танишим судланувчига “эркак кишимиз, четроққа ўтиб гаплашайлик”, дея четроққа олиб ўтди. Мен ҳам улар билан бордим. Танишим судланувчига жуда мулойимлик билан танбеҳ бериб, мени тинч қўйишини айтди. Иккаласи ҳам охирида ўзаро қўл ташашишди ва икки тарафга кетдик. Бироздан сўнг судланувчи “тўхта” деб бақирганида орқамга ўгирилдим. Машинасидан пичоқ олиб белига жойлаб қўйганини кўрдим. Судланувчи танишимнинг ёнига югуриб келди ва танишимни ўша ердаги арча томонга қараб судради. Натижада иккаласи уришиб кетишди. Судланувчи танишимнинг қорнига қўлидаги пичоқ билан бир неча маротаба урди. Уни тўхтатиш мақсадида ўзимни уларнинг орасига урдим. Шунда пичоқ билан менга ҳам бир нечта жароҳат етказди. Ерга ўтириб, сўнг ётиб қолдим...

Сўнг ИИБ ходимлари келиб мени шифохонага олиб боришди. Воқеа вақтида судланувчи мени ўлдириш билан қўрқитмаган. Судланувчига нисбатан даъвом йўқ, фақат олган қарзини ундириб беришингизни сўрайман.

“ҚИЛМИШИМДАН ПУШАЙМОНМАН”

Судда судланувчи айбига қисман иқрорлик билдирди...

— Ўша куни ишқий муносабатда бўлган таниш қизимни бозорга ташлаб уйимга кетгандим. Орадан бир соатлар вақт ўтгач, қизни синглиси қўнғироқ қилдида, “опамнинг савдоси қолиб кетди. Опамни тинч қўйинг”, дея ҳақорат қилди. Бироздан сўнг ўзим қўнғироқ қилганимда синглиси яна ҳақорат қилиб, “эркак бўлсанг кел”, деганидан жахлим чиқиб бордим. Келаётганимда танииш қизим қўнғироқ қилиб, “келманг, синглим бир нечта болаларни йиғиб қўйган, урдирмоқчи”, деди. Машинамдан тушаётганимда тарвуз-қовун сотганимда ишлатадиган ошхона пичоғини шимимга қистириб қўйдим. Уларнинг олдига борганимда сингиллари сўкиниб, бақириб кетишди. Эътибор тортмай, гаплашиб олишни таклиф қилдим. Бироқ, опа-сингиллар “тинч қўйинг ёки опам билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуринг”, дейишди. Шу вақтда ёнимизга бир эркак келиб саломлашиб, четроққа ўтиб гаплашиб олишни таклиф қилди. Гаплашиб олиб, у билан ўзаро қўл ташлашиб, улар билан хайрлашдим. Шу вақтда синглиси ўртага қўшилиб, “бу яхшиликни тушунмайди, бошқачасига тушунтириш керак”, деди. Бояги йигит эса мени четроққа ториб, “укам, бир-биримизни тушундиг-а? Агар яна бир марта қизни ёнида кўрсам ёки эшитсам, оёқ-қўлингни синдириб кетаман...” дея ўтмишини хотирлади. Орада яна келишмовчилик бўлди. У икки қўли билан кўкрагимдан итариб юборди, йиқилдим. Ўрнимдан туриб, унинг ҳаракатини такрорладим. Юзимга икки маротаба мушт туширди. Эгилиб ортимга қочиб, белимга қистирилган пичоқни ўнг қўлига олиб, йигитни қорнига урдим. У мени урмоқчи бўлганида, қайта-қайта қўлимдаги пичоқ билан танасининг турли қисмларига тиқиб олдим. Шу вақтда орқамдан кимдир ушлаб олганини сездим. Қаттиқ хаёжонда бўлганим учун у одамга ҳам бир-икки марта пичоқ тиқиб олдим. Кейин орқамдаги одам таниш қизим эканини кўрдим... Қилмишимдан пушаймон.

ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ...

Толибжон Обидов, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди раиси:

— Судланувчи Жиноят кодекси (ЖК) нинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “л” банди ва 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 15 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо умумий тартибли калонияларда ўтаттирилиши белгиланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

×