Telegram’да наркотик тарқатган шахсдан $50 минглик криптоактивлар аниқланди

Telegram’да наркотик тарқатган шахсдан $50 минглик криптоактивлар аниқланди

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида Telegram орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланганликда гумон қилинган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида Дилшод исмли фуқаро тўхтатилиб текширилганда унинг мобил телефонида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш учун фойдаланиб келинган Telegram гуруҳи аниқланган. Маълум бўлишича, ушбу гуруҳ орқали шаҳарнинг турли ҳудудларига яшириб қўйилган қора рангли изолента билан ўралган 12 та ўрам аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.

Бундан ташқари, гумонланувчининг ёнидан икки дона полиэтилен пакетга ўралган ўткир ҳидли оқ рангли кукунсимон модда ҳамда қора изолента ўрами топилган. Мазкур моддалар ва мобил телефон далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.

Дастлабки суриштирувларда гумонланувчи жиноий фаолиятдан олинган қарийб 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ноқонуний криптоактивлар орқали айлантиргани ҳам аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ҳамда 278 прим 8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан эса қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Теглар:
×