Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазири Холид Ҳанафий Ўзбекистон ҳақида танқидий баёнот бериб, бир вақтлар ислом цивилизацияси ва илм-фанининг энг муҳим марказлари бўлган Самарқанд, Бухоро ва Термиз шаҳарларида бугун Исломнинг фақат номи қолганини даъво қилди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 10 июль куни Афғонистоннинг жанубий-шарқий вилоятларидан келган уламолар билан учрашувда гапирди.
Вазир Ислом умматига раҳбарлик қилиш вазифаси уламолар зиммасида бўлиши лозимлигини қайд этган ва Ўзбекистон диний уламоларини ҳам танқид қилган. Шунингдек, “Толибон” мулозимига кўра, Ўзбекистон бой исломий меросга эга бўлишига қарамай, Исломдан анча узоқлашган.
Бироқ Афғонистондаги ҳукумат Ўзбекистон ҳақидаги ушбу баёнот мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдириб, уни кескин рад этди. Бу ҳақда фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлигининг Афғонистондаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасига йўллаган раддиясида сўз борган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилди.
Билдирилишича, Ўзбекистоннинг Қобулдаги элчихонаси ушбу хабарлар юзасидан зудлик билан тегишли ўрганиш ишларини олиб борган. Бугун, 16 июль куни Қобулдаги Ўзбекистон элчихонаси номига фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги томонидан раддия мурожаати келиб тушган.
Қайд этилишича, унда айрим доиралар ва оммавий ахборот воситалари вақти-вақти билан икки қардош давлат ўртасидаги ишонч ва яхши қўшничилик муносабатлари муҳитига путур етказишга ва фактларни бузиб, уларни нотўғри талқин қилиш орқали ўзларининг ғайрли мақсадларига эришишга ҳаракат қилиши таъкидланган.
Жумладан, раддия мурожаатида қуйидагилар келтирилган:
“Биродар Ўзбекистон бўйича позициямиз аниқ. Ушбу юрт ислом умматининг кўплаб буюк уламолари, жумладан Имом Бухорийнинг муқаддас Ватанидир. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида чуқур диний, тарихий, маданий ва халқлар муштараклиги мавжуд. Биз ушбу муносабатлар ва ўхшашликларни алоҳида қадрлаймиз.
Шу боис, айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон деб салбий талқин қилинган баёнот ва чиқишлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Биз бундай даъволарни қатъиян рад этамиз ва уларни фактларни бузиш, деб атаймиз”.
Шунингдек, раддияда икки давлат ўртасидаги биродарлик, ўзаро ҳурмат ва яхши муносабатлар муҳити бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилган.
Тасодифий хабарлар
“Барчаси кеч хабар топганимиз ва хатомиз туфайли бўлди” – соғлиқни сақлаш вазири “Док-1 Макс” иши ҳақида
Қатар кўчаларига кондиционерлар ўрнатиляпти
Мурод Хонтўраевни пичоқлаган шахсларга суд ҳукми эълон қилинди
Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпиони: «Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!»
Хитой электромобилларни ўзи топиб, қувватлантирувчи автоном робот ишлаб чиқаради (фото)