Ўзбекистонда жорий йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун барча мобиль тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган универсал QR-код берилади. Бу ҳақда бугун, 20 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мамлакатда 40 дан зиёд электрон тўлов ташкилотлари мавжуд бўлиб, аҳоли ўзига қулай мобиль иловадан фойдаланмоқда. Энди 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун барча мобиль тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган универсал QR-код берилади.
Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган барча тадбиркорлар келаси йил 1 январдан бир хил, яъни айланмадан 1 фоиз солиқ тўлашга ўтказилади. Масалан, ҳозир айланмаси 100 миллион сўмгача бўлган якка тадбиркор йиллик 12 миллион сўмгача қатъий солиқ ўрнига кўпи билан 1 миллион сўм тўлайди. Ёки айланмаси 100 миллиондан 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркор айланмадан илгари 30-40 миллион сўм солиқ тўлаган бўлса, энди унинг солиқ юки 3-4 карра камаяди.
“Умуман, яратилаётган шароитлар орқали якка тадбиркорлар ҳисобида йилига 1 триллион сўм, тасаввур қиляпсизларми, 1 триллион сўм қоляпти. Бу – кичик бизнес учун қўшимча ресурс, якка тадбиркорлар ўз бизнесини кейинги босқичга олиб чиқиши учун яна бир имконият”, деди Президент.
Давлат раҳбари тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам мутлақо янги ташаббусларни илгари сурди. Уларнинг барчаси бугунданоқ кучга киради. Жумладан, қисқа муддатда ва тез даромад берадиган иш ўринлари яратишда энг самарадор йўналишлардан бири бўлган хизматлар соҳаси жадал ривожлантирилади.
Йил бошидан Ўзбекистонга 7 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди, 15 миллион аҳоли мамлакат бўйлаб ички саёҳатга чиқди. Келаси 3-4 йилда хорижий туристларнинг йиллик оқими камида 15 миллионга етади. Шу боис туризмни ривожлантириш бўйича янги дастур бошланади.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда гўшт нархи арзонлаштирилди, аммо...
Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб 12 минг доллар "ухлатган" шахс ушланди
Путин G20 нинг онлайн саммитида иштирок этиши айтилди
Расман! Самвел Бабаян "Навбаҳор"да
Ҳоким ёрдамчилари қанча ойлик-маош олиши маълум бўлди