Энди эскирган ва авария ҳолатига келган турар ва нотурар биноларни янгилаш, қайта қуриш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишлари аниқ тартиб асосида амалга оширилади ҳамда реновацияни амалга оширишда мулк эгаларининг розилиги олинади. Бу ҳақда Президент “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги 1149-сонли қонунни имзолади.
Қонунга кўра, шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жойларнинг эскирганлиги, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолганлиги ҳамда ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги асос бўлади.
Шаҳарсозлик реновацияси қуйидаги турлардан иборат:
- мавжуд объектни асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиш;
- мавжуд объектни бузиш ва бўшаган ер участкасида бузилган объект тоифасидаги янги объектни қуриш;
- яшил ҳудудларни ва бошқа ҳудудий зоналарни ташкил этиш.
Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш бўйича таклиф қуйидаги субъектлар ташаббусига кўра киритилиши мумкин:
- давлат ташаббусига кўра;
- ҳуқуқ эгаларининг ташаббусига кўра;
- учинчи шахсларнинг ташаббусига кўра.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида шаҳарсозлик реновациясини қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади. Ушбу жамғармалар реновация лойиҳаларини молиялаштириш ва уларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Реновацияни амалга оширишда мулк эгаларининг розилиги олинади
Қонунга мовофиқ, ҳуқуқ эгалари (шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектларининг эгалари бўлган жисмоний ёки юридик шахс) билан очиқ муҳокама реновация лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилган кундан эътиборан 2 ой ичида ўтказилади.
Ҳужжатда таъкидланишича, очиқ муҳокамада объектларни реновация лойиҳасига киритиш учун ҳар бир объект эгаларининг камида 4/5 қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилигини олиш реновацияни амалга оширишнинг мажбурий шартларидан биридир.
Бунда ҳуқуқ эгаси реновация лойиҳасини амалга оширишда ўз хоҳишига кўра компенсация олиши ёки ҳисса қўшувчи сифатида иштирок этиши мумкин бўлади.
Компенсация қуйидаги шаклларга эга бўлган кетма-кетликда бўлиши мумкин:
- шаҳарсозлик реновацияси амалга ошириладиган ҳудудда янги қуриладиган турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;
- бошқа жойдан турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;
- пул маблағлари;
- келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар.
Маълумот учун, реновация – бу эскирган, авария ҳолатига келган ёки замонавий талабларга жавоб бермайдиган ҳудудларни янгилаш ва қайта қуриш жараёни.
Тасодифий хабарлар
Россия қўшинлари Харьков ва Одессага кирди – Украина ИИВ
Нетаняҳу «Ҳизбуллоҳ»га таҳдид қилди
Бугундан бошлаб барча дон ва ун очиқ биржада сотилади
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка.Академик Толиб Мўминов 78 ёшида вафод этди
Диққат! Коронавирус бўйича махсус комиссиянинг навбатдаги қарори эълон қилинди