Ўзбекистонда ажратилган кредитлар қаерга кетяпти?

Ўзбекистонда ажратилган кредитлар қаерга кетяпти?

Ўзбекистонда мамлакатнинг ички эҳтиёжлари учун тижорий банклар томонидан ажратилган 629 триллион сўм кредит маблағларининг қарийб бешдан биридан кўпроғи саноат соҳасига йўналтирилган. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилди.


Маълум қилинишича, тижорат банклари томонидан 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, ажратилган кредитлар ҳажми 629 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга ошган.

Кредит қўйилмалари таркибида саноат соҳаси етакчиликни сақлаб қолган. Мазкур йўналишга ажратилган кредитлар ҳажми 137,5 триллион сўмни ташкил этиб, жами кредит портфелининг 22 фоизини шакллантирган. Бироқ ўтган йилга нисбатан саноат кредитлари ҳажми 14 фоизга қисқарган.

Марказий банкка кўра, бу кредит портфелининг иқтисодиётнинг бошқа йўналишлари ҳисобига диверсификацияланиб бораётганини кўрсатади.

Аҳолига ажратилган кредитлар қолдиғи эса 230,8 триллион сўмга етиб, жами кредитларнинг таркибидаги улуши 37 фоизни ташкил этган. Таҳлилларга кўра, бир йил давомида ушбу сегмент 21 фоизга ўсиб, кредит бозоридаги энг йирик йўналишлардан бири сифатида шаклланмоқда.

Регуляторнинг билдиришича, реал сектор тармоқларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган. Хусусан, қурилиш соҳасига ажратилган кредитлар 44 фоизга, савдо ва умумий хизматлар соҳасидаги кредитлар 20 фоизга, қишлоқ хўжалиги кредитлари эса 16 фоизга ошган.

Кредит портфелидаги энг юқори ўсиш суръатлари “бошқа соҳалар” тоифасида кузатилиб, мазкур йўналишдаги кредитлар ҳажми бир йилда 31 фоизга кўпайган. Транспорт ва коммуникатсия соҳасидаги кредитлар эса деярли барқарор сақланиб қолган.

Марказий банкнинг қайд этишича, кредит портфелида саноат соҳаси етакчи ўринни сақлаб қолаётган бўлса-да, сўнгги йилларда кредит ресурсларининг аҳоли, хизматлар, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларга кенгроқ тақсимланиши кузатилмоқда.


Теглар:
×