Иқлим ўзгариши оқибатида қутб музликларининг эриши сабабли Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши секинлашмоқда. Бу кун давомийлигини ҳар асрда 1,33 миллисонияга узайтирмоқда, бу эса сўнгги 3,6 миллион йил ичидаги “мисли кўрилмаган” кўрсаткичдир. Бу ҳақда Вена университети ва Сюрих технология институти олимлари олиб борган тадқиқотга таяниб, BBC Science Focus хабар берди.
“Ернинг айланиш энергиясидаги ўзгариш магнитудаси 9,0 балл бўлган зилзилага тенгдир”, дейди тадқиқотнинг бош муаллифи Мустафо Киани Шаҳванди.
Тадқиқот ҳаммуаллифи Бенедикт Соянинг аниқлик киритишича, бунинг учун тахминан 1000 гигатонна массанинг қайта тақсимланиши талаб этилади, бу Нью-Йорк тепасида бўйи 10 километрлик муз куби пайдо бўлиши билан баробардир.
“Инсоннинг Ер тизимига кўрсатаётган таъсири шу қадар чуқурлашдики, биз энди Ер айланишининг асл табиатини ўзгартирмоқдамиз”, дейди Бенедикт Соя.
Глобал исишнинг сайёра айланишига кўрсатаётган оқибатларини олимлар “омилларнинг идеал тарзда мос келиши” деб атаган: нозик муз қатламлари ва карбонат ангидрид (CO₂) газининг табиий равишда кўпайиши бундан қарийб 2 миллион йил аввал ҳам кенг кўламли муз эришига сабаб бўлган. Бироқ инсоният фаолияти атиги бир аср ичида ўша даврдаги табиий куч билан тенглашиб олган. Прогнозларга кўра, аср якунига бориб иқлим ўзгариши сутка узайишининг бош омилига айланади ва бу борада Ойнинг гравитацион таъсирини ҳам ортда қолдиради. Бундай ўзгаришлар GPS тизимларининг ўта аниқликдаги синхронизацияси учун ўта хавфли ҳисобланади.
Аввалги тадқиқот маълумотларига кўра, музликларнинг эриши аллақачон сайёра шаклини ўзгартириб, уни қутблардан янада яссироқ ҳолатга келтирган ва асосий массани қутблардан экваторга томон сурган. Шу билан бирга, 2024 йилдаёқ олимлар ушбу жараён аср охирига бориб кун давомийлигининг 2,62 миллисонияга узайишига олиб келишини аниқлашган. Жаҳон метеорология ташкилотининг яқинда эълон қилинган ҳисоботига кўра, 2025 йилда Ернинг энергетик дисбаланси (мувозанатсизлиги) кузатувлар тарихидаги энг юқори рекорд даражага етган.
Тасодифий хабарлар
Зеленский кузда “тинчлик формуласи” бўйича саммит ўтказилишидан умидвор
Хориждан қайтган 1,5 мингдан ортиқ кишида ОИТС аниқланди
Наманган ва Панжоб вилоятлари «Биродарлашган ҳудудлар» дея эълон қилинди
Туркиядаги ўзбекистонликлар расмий идора томонидан огоҳлантирилди
Наманганда 7 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Улардан 4 нафари аҳоли орасида