Қалин туман Наманган аэропорти фаолиятини вақтинча чеклади

Қалин туман Наманган аэропорти фаолиятини вақтинча чеклади

Намангандаги метеорологик сабабларга кўра ҳаво кемаларини халқаро аэропортга қабул қилиш ва жўнатиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways ахборот хизмати маълум қилди.


Хусусан, Jazeera Airways авиакомпаниясининг Қувайтдан Наманганга йўл олган Ж9645 рейси Қирғизистонга йўналтирилди. Самолёт Бишкек аэропортига маҳаллий вақт билан соат 09:31 да қўнди.


“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Омск-Наманган йўналиши бўйича учган HY9810 рейси Тошкент аэропортига йўналтирилди ва маҳаллий вақт билан соат 07:55 да келиб қўнди. Соат 05:50 га белгиланган HY9825 (Наманган – Сочи) рейсининг учиши эса кечиктирилди. Самолёт Наманган аэропортида об-ҳаво шароити яхшиланишини кутмоқда, шундан сўнг у белгиланган манзилга учиб кетади.


Дубайдан маҳаллий вақт билан соат 01:20 да учиб келиши керак бўлган Флйдубаи авиакомпаниясининг ФЗ781/782 йўловчи рейси Намангандаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли учиш аэропортида об-ҳаво шароити яхшиланишини кутмоқда.


Наманган аэропортида хабар қилинганидек, об-ҳаво шароити аста-секин яхшиланмоқда. Аэропорт яқин бир неча соат ичида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга қўйилган чекловларни бекор қилиши мумкин.

×