Россияни тўхтатинг ёки... Зеленский БМТга ультиматум қўйди

Россияни тўхтатинг ёки... Зеленский БМТга ультиматум қўйди

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Федерациясининг ваҳшийликлари ҳақида гапириб, тажовузкорни тинчликка мажбурлашга чақирди. Бу ҳақда у БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги нутқи чоғида айтиб ўтган.  

Президентнинг фикрича, Россия украиналикларни индамас қулларга айлантирмоқчи. 

“Агар шундай давом этса, якуний натижа шундай бўладики, ҳар бир давлат ўз хавфсизлигини кафолатлаш учун фақат қурол кучига таянади, халқаро ҳуқуқ ва халқаро институтларга эмас. БМТ фақат ёпилиши мумкин”, деган у.

Зеленскийга кўра, агар БМТ ёпилишга тайёр бўлмаса, улар зудлик билан ҳаракат қилиши керак. Унинг таъкидлашича, Россия бундан ҳам олдинроқ тўхтатилиши керак эди. 

“Ҳозир Украинада тинчлик ўрнатиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарори керак. Агар сиз бу қарорни қандай қабул қилишни билмасангиз, унда иккита йўл бор: ёки Россияни тажовузкор сифатида чиқариб ташлаш, ёки қандай қилиб қайта шаклланиш ва ҳақиқатда тинчлик учун ишлашингиз мумкинлигини кўрсатинг. Ёки сизнинг ҳозирги форматингизда муқобил бўлмаса ва чиқиш йўли бўлмаса, кейинги йўл фақат ўз-ўзини тарқатиб юбориш. Ишончим комилки, сиз учинчи вариантсиз ҳам амаллайсиз”, дея хулоса қилган Президент. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Бучада россияликлар ҳар турли ҳарбий жиноятга қўл урган. У руслар Украинага хизмат қилганларнинг барчасини қидириб, мақсадли равишда ўлдирганини эслаган. Одамлар оёқ-қўллари кесилган, зўрланган ва болалар кўз ўнгида ўлдирилганини қўшимча қилган. 

Унинг таъкидлашича, Россия давлат даражасида нафратни қўллаб-қувватлайди ва уни ўзининг тарғибот тизими ва сиёсий коррупция ёрдамида бошқа давлатларга экспорт қилишга ҳаракат қилади, Африка ва Осиё давлатларида очарчиликка олиб келиши мумкин бўлган глобал озиқ-овқат инқирозини қўзғатади. 

“Хўш, БМТ Хавфсизлик Кенгаши кафолатлаши керак бўлган хавфсизлик қаерда? У мавжуд эмас, гарчи Хавфсизлик Кенгаши бор бўлса-да”, деган у. 

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, ҳозир дунё рус ҳарбийлари Бучада нима қилганини кўрган, бироқ улар Украинанинг бошқа босиб олинган шаҳарларида нима қилганини дунё ҳали кўрмаган. Шу ўринда у БМТ Низомининг биринчи моддасини эслаб ўтган ва модда ташкилотнинг мақсади тинчликни сақлаш ва тинчликни мустаҳкамлашдан иборат эканини таъкидлаган.

“Ҳозир БМТ низоми биринчи моддадан бузилмоқда. Агар шундай бўлса, бошқа барча моддаларда нима маъно бор? Бугун Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери айнан Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳаракатлари натижасида энг даҳшатли ҳарбий жиноятлар содир этилди”, дея қўшимча қилган Президент. 

Унинг айтишича, босқинчилар шаҳарларни қасддан қамал қилиб, уларда оммавий очарчиликни юзага келтирмоқда, йўлларда тинч аҳоли устунларини атайлаб ўққа тутмоқда, ҳатто тинч аҳоли яширинган бошпаналарни ҳам атайлаб бузмоқда. 

“Аммо ҳозир 2022 йил. Бу ерда инкор этиб бўлмайдиган далиллар бор. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар бор, тўлиқ шаффоф тергов ўтказиш имконияти бор. Бизни қизиқтирган нарса шу – тўлиқ ҳақиқат, тўлиқ жавобгарлик. Ишончим комилки, бундан БМТнинг ҳар бир давлати манфаатдор бўлиши керак”, деган Президент.

×