Сунъий интеллект қадимий махфий қўлёзмалар сирини очмоқда

Сунъий интеллект қадимий махфий қўлёзмалар сирини очмоқда

Сунъий интеллект тарихий архивларда сақланаётган юзлаб, ҳатто минглаб йиллар давомида ўқилмаган махфий қўлёзмаларни ечишда муҳим рол ўйнамоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, СИ ёрдамида илгари мутлақо тушунарсиз бўлган матнлар, тиббий рецептлар, сиёсий фитналар ва махфий жамиятларга оид ёзувлар босқичма-босқич очилмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.


Олимлар Ватикан кутубхонаси ва Европадаги йирик архивларда сақланаётган шифрланган қўлёзмаларни рақамлаштириб, уларни сунъий интеллект тизимларига юкламоқда. Ушбу ҳужжатлар орасида энг машҳурларидан бири – “Borg cipher” деб номланувчи 408 саҳифалик сирли қўлёзма бўлиб, у 400 йилдан ортиқ вақт давомида ўқилмай келган. Унда 34 та ғалати белги, баъзи жойларда арабча матн ва рим ҳарфлари аралаш ҳолда учрайди.

Тадқиқотчилар СИ ёрдамида ушбу шифрни қисман ечишга муваффақ бўлди ва унда ўша даврга хос тиббий “даволаш усуллари” ёзилгани аниқланди. Масалан, айрим касалликларга қарши қизил вино ичиш ёки махсус тайёрланган аралашмаларни истеъмол қилиш каби тавсиялар учрайди. Олимларнинг таъкидлашича, бундай ёзувлар ўша даврда очиқ муҳокама қилинмаган ва кўпинча жодугарликда айбланишдан қўрқиб яширин ёзилган.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, дунё архивларидаги материалларнинг камида 1 фоизи қисман ёки тўлиқ шифрланган бўлиши мумкин. Бу ҳужжатлар дипломатик ёзишмалар, махфий сиёсий хабарлар, диний маросимлар, севги муносабатлари ва кундалик ҳаёт тафсилотларини ўз ичига олади. Шу сабабли уларни очиш тарихий билимларни сезиларли даражада бойитиши мумкин.

СИ технологиялари, хусусан “Transkribus” каби платформалар эски қўлёзмаларни автоматик равишда матнга айлантиришда қўлланилмоқда. Тизим қўлёзмадаги белгиларни аниқлаб, уларни рақамли матнга ўтказади. Бироқ мураккаб шифрларда, айниқса махсус белгилар, ғалати ёзувлар ёки сунъий равишда киритилган чалғитувчи элементлар бўлса, инсон аралашуви ҳануз зарур бўлиб қолмоқда.

Тадқиқотчилар энди янада илғор ёндашув устида ишламоқда – бу тизим нафақат матнни кўчиради, балки уни бир вақтнинг ўзида ечиб ҳам беради. Синовлар шуни кўрсатдики, бундай СИ тизими 500 белгилик шифрланган матнни атиги 29 дақиқада очиб, ҳатто инглиз тилига таржима қилиб бера олган.

Олимларнинг фикрича, СИ ёрдамида шифрларни очиш жараёни нафақат мавжуд тарихни қайта ёзишга, балки бутунлай янги тарихий фактларни аниқлашга ҳам олиб келиши мумкин. Айниқса, 4000 йиллик Phaistos диски ва қадимги “Linear B” ёзуви каби ҳали ечилмаган сирлар келажакда очилиши эҳтимоли юқори.

Мутахассислар бу технологияни “тарихий детективликда инқилоб” деб атамоқда, чунки у илгари имконсиз деб ҳисобланган ҳужжатларни ҳам ўқиш имконини бермоқда.


Теглар:
×