Давлат рамзлари – бу шунчаки визуал атрибут эмас, балки сиёсий маъно ва умумий ўзлик рамзларидир. Герб, байроқ ёки мадҳия орқали давлат ўзининг тарихий хотираси, сиёсий легитимлиги ва келажак ҳақидаги тасаввурини ифода этади. Унда тасвирланган ҳар бир белги шу давлат фуқароларининг умумий қадриятлари, орзу-умидларининг ифодасидир.
2026 йил май ойида Сенат аъзоси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ўзининг кенг қамровли мақоласида бу мавзуга тўхталиб, кўп бора айтилган, лекин ҳануз жавобини топмаган бир саволни ўртага ташлади: мустақилликка эришгандан кейин ҳам гербимизда пахта ва буғдой нима учун сақланиб қолди? Ушбу савол ижтимоий тармоқларда катта мунозарага сабаб бўлди. Кимдир қўллади, кимдир рад этди, кимдир эса бошқача йўналишларда фикр юргазди.
Бироқ мунозаранинг ўзи – бу аллақачон бир белгининг ишораси. Жамият ўз рамзлари ҳақида ўйлашни бошлаган. Ва бу савол фақат герб ҳақида эмас – бу Ўзбекистоннинг ўз-ўзини ким деб билиши ҳақидаги чуқурроқ саволдир.
Сенатор нима деди?
Қудратилла Рафиқов Самарқанд ва Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий йўли ҳақидаги янги кенг қамровли мақоласида давлат рамзлари мавзусига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида давлат рамзларида “90 йиллардаги сиёсий хавотир, қўрқув ва иккиланиш” ўз аксини топган.
“Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам гербимиздаги чамбаракка алвон-ла ўралган “ифтихоримиз рамзи” бўлган пахта ва ғалла тасвирлари ўзгармади. Нега?”, деб сўрайди сенатор.
Сенатор президент Мирзиёев ўша йиллари пахтадан келадиган даромад “ҳатто бир миллиард долларга ҳам етмаганини” бир неча бор таъкидлаганини эслатиб ўтади.
Бу гап ортида тарихий жароҳатлар бор. 1980 йилларда “пахта иши” шунчаки иқтисодий масала эмас, миллий ор-номус ва сиёсий садоқатнинг ўлчови бўлиб кетган эди. Қишлоқ хўжалигида “план” бажарилгани ёки бажарилмагани одамларнинг тақдирини ҳал қиларди. Бу риторика онгга шу қадар сингиб кетганки, мустақиллик эълон қилингандан кейин ҳам у рамзларда, шиорларда, расмий нутқларда узоқ йиллар сақланиб қолди.
Гербдаги пахта ва буғдой?
Ўзбекистон Республикасининг давлат герби 1992 йил 2 июлда қабул қилинган. Унинг муаллифи рассом Анвар Мамажонов бўлиб, герб яратилиш жараёнида биринчи президент Ислом Каримовнинг роли катта бўлгани маълум.
Гербда пахта ва буғдой бошоқлари икки томондан доирани ўраб туради ва улар – тўқимачиликнинг ҳамда нон-доннинг рамзидир. Ўз вақтида бу иқтисодий реалликни акс эттирарган бўлса-да, бугунги Ўзбекистон 1992 йилги Ўзбекистондан тубдан фарқ қилади.
Биринчидан, иқтисодиёт диверсификациялашган. Нефть ва газ, туристик соҳа, рақамли иқтисодиёт, металлургия, автомобиль саноати – булар ҳам бугунги кунда мамлакатнинг иқтисодий ютуқларини белгилайди. Фақат икки экин тури энди тўлиқ Ўзбекистон имкониятларини ўзида акс эттира олмайди.
Бундан ташқари, пахта майдонлари қисқартирилмоқда. Ҳукумат сўнгги йилларда пахта етиштиришга мўлжалланган ерларнинг бир қисмини бошқа экинларга йўналтириш сиёсатини олиб бормоқда. Бу – давлатнинг ўзи пахта монокультурасидан воз кечаётганининг белгиси. Шундай экан, гарчи тўқимачилик саноати ҳануз давлат иқтисодиётининг муҳим бир соҳаси бўлса-да, олдинги каби пахта ҳам, буғдой ҳам у қадар актуал эмас.
Жамоатчилик фикрлари
Сенатор мақоласи эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда кенг мунозара бошланди. Айримлар гербни янгилаш ғоясини қўллаб-қувватлаган постлар эълон қилди. Бошқалари эса бундай ўзгаришлардан кўра бошқа долзарб муаммолар борлигини таъкидлади.
Кўпчиликни бу ўзгартиришнинг давлат бюджетига берадиган босими ўйлантирмоқда. Блогер Зафарбек Солижонов ҳам давлат гербини ўзгартириш ташаббусини амалий нуқтаи назардан танқид қилди.
Унинг фикрича, давлат рамзини янгилаш катта миқдордаги маблағни талаб этади. Сабаби, герб тасвири мамлакатдаги минглаб мактаблар, болалар боғчалари, олий таълим муассасалари, шифохоналар, ҳокимликлар, судлар ҳамда бошқа давлат ташкилотларига ўрнатилган. Шунингдек, бу ўзгаришлар Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги хизмат автомобилларига ҳам таъсир қилади.
Солижоновнинг таъкидлашича, бюджет маблағларини аввало мактабларни таъмирлаш ва бундан ҳам долзарб бўлган ижтимоий муаммоларни бартараф этишга йўналтириш мақсадга мувофиқ.
Блогер Нозим Сафари эса гербни ўзгартириш фикрини қўллаб, ўзининг Х даги саҳифасида пост жойлади.
“Сенатор Рафиковнинг Гербдаги рамзлар хакидаги гапларига кушиламан. Юқори давралардан кимдир айтиши керак эди”, дейди у.
Сиёсатшунослик бўйича Австралия миллий университети докторанти Отабек Акромов эса давлат рамзларининг жаҳон сиёсатидаги ўрни ҳақида гапирар экан, ушбу давлат рамзларининг халқни бирлаштириш руҳига эътибор бериш керак дейди.
“Давлат рамзларининг легитимлиги фақат уларнинг тарихи ёки дизайнига эмас, балки жамият томонидан қандай қабул қилинишига ҳам боғлиқ. Кучли сиёсий рамзлар вақт ўтиши билан шаклланади ва коллектив хотиранинг бир қисмига айланади. Шунинг учун бундай баҳсларда масала “советча” ёки “замонавий” деган содда категориялардан кўра, рамзнинг жамиятни бирлаштириш қобилияти ва давлатчилик ҳақида қандай сиёсий маъно узатаётганидадир”, деб ёзади олим.
Умуман олиб айтганда, давлат герби сиёсий рамз жиҳатидан жуда муҳим, аммо, кўчилик жамоат фаоллари унинг келтириб чиқариши мумкин бўлган харажатларидан норози ва бунинг ўрнига ҳали ечимини топмаган қатор ижтимоий муаммоларга эътибор қаратиш керак деган фикрда.
Тасодифий хабарлар
Эртага қандай об-ҳаво бўлиши айтилди
Россия Facebook'га катта миқдорда жарима белгилади
Эри мажбурлаб памперс едирган аёлга уй бериладиган бўлди
Расман: Мактаб, лицей ва ОТМда таълим онлайнга ўтказилди
Yoshlarforumi.uz платформаси орқали ёшлардан келган таклифлар асосида алоҳида дастур қабул қилинади