Фарғона ва Андижонда ташкилот ерини пулламоқчи бўлган мансабдорлар ушланди

Фарғона ва Андижонда ташкилот ерини пулламоқчи бўлган мансабдорлар ушланди

Фарғонада 40,5 минг, Андижонда эса 15 минг АҚШ долларига давлат ташкилотига тегишли бўлган ерларни ноқонуний тарзда пулламоқчи бўлган мансабдорлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.


Ўнга кўра, Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси бошлиғи чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидаги 30 сотих ер майдонини ижара асосида фойдаланиши учун мансабдор танишлари орқали расмийлаштирмоқчи бўлган. Бу иши эвазига эса, 3-гидроучасткаси бошлиғи фуқародан 40,5 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 20 минг доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, мазкур ноқонуний ишга Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси бўлим бошлиғи ҳам алоқадор эканлиги аниқланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, 20 минг доллардан 3 минг долларни олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош этилган.

Бундан ташқари, ушбу ер майдонидан ижара асосида фойдаланиб келаётган Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси ходими ерни бериш учун 19 минг АҚШ доллари талаб қилганлиги ҳолати ҳам тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Берилган ахборотга кўра, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги таълим муассасаси директори ҳам хизмат мавқеидан фойдаланиб, мазкур муассаса ҳудудидаги 1,1 гектар ер майдони хусусий автомактаб томонидан аукцион орқали ютиб олинган бўлишига қарамай, ушбу масъулияти чекланган жамият ва таълим муассасаси ўртасида тузилган келишув шартномасини тасдиқлаб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Билдирилишича, ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Теглар:
×