Яқин Шарқдаги можаро очликдан азият чекувчилар сонининг 45 миллион кишига кўпайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) ижрочи директори ўринбосари Карл Скау маълум қилди.
“Бизнинг таҳлилларимизга кўра, агар Яқин Шарқдаги можаро июнь ойигача давом этса, нархларнинг кўтарилиши яна 45 миллион кишининг ўткир очлик ҳолатига тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин”, дейди у.
Скаунинг сўзларига кўра, бу дунёдаги очлик даражаси рекорд даражага етишига олиб келади. Бу “даҳшатли, жуда даҳшатли истиқбол”, дея қўшимча қилган у. Ҳозирда бутун дунё бўйлаб очликдан азият чекаётганлар сони 319 миллион кишини ташкил этмоқда, бу эса аллақачон тарихий максимал кўрсаткичдир.
Ҳормуз бўғозида кемалар қатновининг деярли бутунлай тўхтаб қолгани ва Қизил денгиздаги денгиз қатнови учун ортиб бораётган хавф аллақачон энергия ресурслари, ёқилғи ва ўғитлар нархининг ошишига олиб келмоқда, бу эса Яқин Шарқдан ташқарида ҳам очликни кучайтирмоқда. Можаро узоқ давом этувчи оқибатларга эга ва дунёнинг энг заиф қатламлари унинг таъсиридан энг кўп зарар кўради. Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка ва Осиё мамлакатлари озиқ-овқат ва ёқилғи импортига қарамлиги сабабли энг кўп хавф остида қолмоқда.
Яқин Шарқдаги уруш жаҳон озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида аввалроқ “Financial Times” нашри ҳам ёзган. Нашр маълумотларига кўра, ҳужумлар Яқин Шарқда энг кенг тарқалган азотли ўғит – карбамид ишлаб чиқаришни издан чиқарган. Шу билан бирга, газ танқислиги Жанубий Осиёдаги ўғит ишлаб чиқарувчиларни ҳажмни қисқартиришга мажбур қилган. Ўғит нархи аллақачон 40 фоиздан кўпроққа ошган.
Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқот институтига кўра, энергия ресурслари нархининг ошиши озиқ-овқат инфляциясини тезлаштириши мумкин. Ҳормуз бўғози орқали Қатар, Умон, Саудия Арабистони ва Эрондан ўғитлар ташилар эди.
Эрон Ҳормуз бўғозидаги кема қатнови устидан амалда назорат ўрнатган. Шунингдек, у фақат республика томонидан тасдиқланган кемаларнинг ўтишига рухсат бериладиган тизимни яратмоқчи.
Тасодифий хабарлар
Наманганда «Аломат иш» қилган ИИБ ЖҚБ ходимлари қамалди
«Наманганликлар» каналида берилган мурожаатга ҳокимият эътибор қаратди
Самарқандда уйида хўроз уриштирган шахслар қўлга олинди
“Техпаспорт” беришдаги узилишлар сабаби айтилди
Саудия Арабистони ҳаж пайтида рухсатсиз Маккага келганларни жаримага тортади