Kun.uz муҳаррири Ортиқхўжаев билан боғлиқ баъзи тафсилотларни очиқлади

Kun.uz муҳаррири Ортиқхўжаев билан боғлиқ баъзи тафсилотларни очиқлади

Kun.uz муҳаррири ва махсус мухбири Шуҳрат Шокиржонов Фейсбукдаги саҳифасида Кун.уз ва Ортиқхўжаев можароси борасида баъзи тафсилотларни очиқлади ва ижтимоий тармоқдаги айрим мулоҳазаларга муносабат билдирди:

"Тўғри тушунинглар, мен ҳам тушкун кайфиятдаман.

Осмон — узоқ, ер — қаттиқ…

Лекин таҳририятдан аразлаб кетган болаларнинг ишини оқламайман. Улар ҳеч жойда бунақа аҳил жамоа тополмаслиги аниқ.

Kun.uz’га чиқиш эшиклари кўрсатилгани йўқ. Шунчаки Ортиқхўжаевни тинч қўйинглар, дейилди. Бўлди. Ҳеч қанақа пул ёки бошқа манфаат рол ўйнагани йўқ.

Ўзи бу можаро ҳам бир бечора қурувчининг ҳокимлик томонидан берилмаган пули масаласини Кун.уз журналистлари ўрганиши билан бошланган.

Олмазор туман ҳокимлиги ўшанда кам таъминланганлар учун кўп қаватли уйлар қурган қурувчининг 800 миллион сўм (100 минг доллар) пулини бермай келаётган эди.

Шу масалани суриштириб борган журналист Р.Исроилов ва тасвирчи Ш.Эгамбердиевга Олмазор туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳабов ташланган.

Тажовуз тасвири эълон қилингач, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев Кун.уз мухбирларини муросага келтириш учун чақирган. Мухбирларга яхши гапириб, «келишиб олинглар, тушунмовчилик бўлибди» деб замҳокимдан кечирим сўранглар, деган. Ҳокимнинг истагига кўра, журналистлар замҳокимдан етказилган ноқулайлик учун кечирим сўрашлари керак бўлган. Бу кечирим сўраш маросими видеотасвирга олиниб, шаҳар ҳокимлиги каналида эълон қилиниши мўлжалланган.

Журналистлар буни рад этгач, шаҳар ҳокими келиб, ҳаммага маълуму машҳур таҳдидларини баён қилган. Тўғри, охирида «лекин мен бу ишларни қилмайман, мен бунақа паст одаммасман», ҳам деган. Тарқалган «запис»да бу жойи кесиб ташланган. Охирида «келишиб, бир биримизга ёрдам бериб ишлайлик», деган.

Журналистлар рози бўлмагач, улар кетганидан сўнг А.Ваҳабов тайёр турган камералар қаршисида ҳокимлик матбуот хизматига ўша машҳур 1 гектар ер ва кўп миқдордаги пора ҳақидаги туҳматини айтиб, интервьюсини берган. Ўша интервьюда 100 минг долларни эса қурувчи хайрия қилганини айтиб ўтган. Қурувчи пулини олдими-йўқми буёғидан бехабар ҳам қолдик.

Туҳмат борасида прокуратурага мурожаат қилинганида «жиноят аломатлари йўқ», деган тамға билан икки марта иш ёпилди.

Энди виждонан айтинг: қандайдир «замҳокимча»га қонуний чора кўролмаган прокуратура органлари Ўзбекистоннинг №3-рақамли амалдори Тошкент шаҳар ҳокимига чора кўра олармиди?

Тошкент шаҳар ҳокими билан шу инцедент бўйича муроса қилинди. Лекин ич-ичимиздан барибир бунақа ҳолларга муросасизмиз. Чунки ҳокимда қилган ишидан заррача пушаймонлик туйғуси йўқ, узр сўрашнику ўзига мутлақо эп кўрмади. Аллоҳнинг ўзи суробини тўғриламаса, бандаларининг кучи етмаскан.

Начора, бу ишда Кун.узнинг ютқазиши бошдан аниқ эди. Шу сабабли аудиоёзув таҳририят томонидан сир сақланиб келаётган эди. Унинг кимдир томонидан олиниб, тарқатилиши барчамизнинг — халқнинг, эркин матбуотнинг, эркин фикр билдиришнинг зарарига ишлади. Ҳақ гапни айтиб, қонуний ҳаққини талаб қилган журналистлардан кўра, мамлакат имижига салбий таъсир ўтказадиган гапларни айтган чиновникнинг тарафи олинди. Тушкунлигим сабаби шу.

Халқни ҳам тушуниб турибмиз. Попкорнларни ғамлаб, жангни каттаси бошланди, мазза қилиб томоша қиламиз, деб туришганда Тайсон 6 секундда нокаут қилиб қўйиб, оғзидагини ҳам чайнашга улгурмай қолди кўпчилик... Шундан жаҳлланишди.

Буёғига энди мана шундай раҳбарлар қўл остида яшаймиз, чидайсизлар… Бу таҳдидлар ва сўкинишлар ўзбекона бошқарув этикасининг бир қисмига айланиб улгурибди.

Кун.уз эса навбатдаги «рамка» чегарасига бошини даранглатиб уриб олгунча ишлашда давом этаверади. Қандайдир масалада кимгадир ёрдамимиз тегса биздан хурсанд одам бўлмайди. Ҳамма дилхираликларни унутиб юборамиз...

P.S. Даъфатан раҳматли Мираброр Усмонов ёдга тушди. У ҳам журналистларни ТВ орқали койиб, таҳдид қилиб юборганидан сўнг, анча вақт виждони қийналган... барибир кабинетига чиқариб, узр сўраган эди. "Биз сиздан хафа бўлганимиз йўқ, отанинг ўз фарзандини койишидек қабул қилганмиз", деган Қаҳрамон Асланов... Жуда хурсанд бўлувди...

Унақа жўмард раҳбарларни тушингда кўрасан энди Ўзбекистоним!"

×