Қўқонлик табиб қамоқдан чиқиб, барча айбловларни рад этди (видео)

Қўқонлик табиб қамоқдан чиқиб, барча айбловларни рад этди (видео)

қўқонлик табиб Иқболжон Солиевнинг Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси томонидан берилган гувоҳномаси муддати тугаганига қарамай, ноқонуний фаолият юритиб келаётгани аниқлангани сабабли суд қарори билан унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган эди. Куни кеча табиб озодликка чиқиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўзи ҳақида тарқалган маълумотлар юзасидан раддия билдирди. 

Табиб 2024 йилдан бери ҳужжатсиз фаолият олиб боргани ҳақидаги хабарларга тўхталиб, бу маълумотлар мутлақо ёлғон эканини билдирди. У Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси томонидан Рўзимуҳаммад Хонназаров имзоси билан 2025 йилгача берилган гувоҳномани, Қозоғистон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳужжатни, шунингдек, табиблик фаолияти учун рухсат берувчи халқаро сертификатни тақдим қилди.

“Бундан ташқари, менга табобат ассоциацияси томонидан муддатсиз гувоҳнома ҳам берилган. Унда сана кўрсатилмайди”, дейди у.

Шунингдек, табибнинг юристи Абдуллажон Жўраев ҳам ижтимоий тармоқларда тарқатилган айрим ахборотлар “нотўғри ва асоссиз” эканини билдириб, табибнинг гувоҳномаси муддати ўтмаганини таъкидлади.

Юрист Иқбол Солиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси талаблари бузилгани ҳақидаги эътирозларга ҳам изоҳ бериб, табиб фаолиятини оммавий тарғибот сифатида баҳолаш нотўғри эканини, ахборот тарқатиш эса амалдаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлар доирасида амалга оширилганини билдирди.

Қолаверса, Иқболжон Солиев табибларга лицензия талаб этилмаслигини, табобат авлоддан авлодга ўтиб келаётган касб эканини, табобат минг йиллик тарихга эга бўлиб, замонавий тиббиёт эса нисбатан янгироқ эканини қайд этди. Шунингдек, табибларни махсус тайёрлайдиган муассаса мавжуд эмаслигини билдирди.

“Бизга ўқишингиз керак, дейишяпти. Табибларни ўқитадиган одам борми ўзи? Бизнинг ота-боболаримиз шу иш билан шуғулланган, биз ҳам уларнинг йўлидан кетяпмиз”, дейди у.

Маълумот учун, Иқболжон Солиев 2025 йил 10 январь куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди қарорига мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида маъмурий жарима солинган.


Теглар:
×