Бош прокуратура: «Жаҳонгир Ортиқҳўжаевнинг аудиосида реал таҳдид йўқлиги боис жиноят аломатлари мавжуд эмас»

Бош прокуратура: «Жаҳонгир Ортиқҳўжаевнинг аудиосида реал таҳдид йўқлиги боис жиноят аломатлари мавжуд эмас»

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдид қилгани аудиоси тарқалган эди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ушбу вазиятга ва ниҳоят, расмий изоҳ берди:

"Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Интернет нашрларида Тошкент шаҳар ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортикҳўжаевга тегишли ҳамда ҳақорат, таҳдид мазмунидаги аудиоёзув тарқалди.

Мазкур ҳолат оммавий ахборот воситалари, блогерлар, сиёсий партиялар, энг ачинарлиси, айрим хорижий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг кескин танқидий муҳокамаларига сабаб бўлди.

Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ЖПКнинг 329-моддасига асосан терговга қадар текширув ўтказилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 14 август куни “Kun.uz” таҳририятига “Хива строй” МЧЖ раҳбарининг бажарилган қурилиш ишлари учун буюртмачидан пул ундиришга оид мурожаатини ўрганиш мақсадида мазкур таҳририят мухбири Р.Исроилов ва оператори Ш.Эгамбердиевлар Олмазор туман ҳокимлигига боришган.

Туман ҳокими ўринбосари А.Вахабов давлат хизматчиси бўла туриб, тегишли одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда Р.Исроиловга тушунтириш беришдан бош тортган, улар билан қўпол муносабатда бўлган ҳамда операторнинг видеотасвирга олишига қаршилик кўрсатган.

Мазкур воқеанинг эртасига “Kun.uz” таҳририяти ушбу видеолавҳани ўз сайтида эълон қилган ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шу куни кечқурун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортикҳўжаевнинг вазиятни юмшатиш ва муросага келиш тўғрисидаги топшириғига асосан шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари Л.Сабирова, туман ҳокими ўринбосари А.Вахабовлар таҳририят вакиллари Б.Ахмедов, Р.Исроилов ва Ш.Эгамбердиевлар билан шаҳар ҳокимлиги биносида учрашишган.

Унда А.Вахабов ножўя ҳаракатларга йўл қўйганлигини тан олган ва таҳририят ходимларидан узр сўраган. Бироқ, бу ҳолат таҳририят ходимларини қониқтирмаган.

Учрашув якун топгач, мулоқот иштирокчилари бинонинг йўлагида Жаҳонгир Ортикҳўжаевга тасодифан дуч келишади. Л.Сабирова Жаҳонгир Ортикҳўжаевга бўлиб ўтган суҳбат ҳақида маълумот бериб, “Kun.uz” ходимлари А.Вахабовнинг узридан қаноатланмаганлигини баён қилган.

Шунда Жаҳонгир Ортикҳўжаев улар билан мулоқотда муомала маданиятидан четга чиққан ҳолда, интернет нашрларига нисбатан ўзининг салбий муносабатини ифодалаб, гўёки уларни шармандали вазиятларга тушириш имкониятига эгалигини, лекин у бундай тарбияланмаганлиги ва буни хоҳламаслигини билдирган.

Ушбу жараённи “Kun.uz” мухбири Б.Ахмедов “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига зид равишда, учрашув иштирокчиларини огоҳлантирмасдан телефонига ҳуфёна ёзиб олган ва таҳририятга тақдим этган.

Ўз навбатида, таҳририят томонидан ноқонуний йўл билан олинган ахборот йўқ қилинмаган. Оқибатда 2019 йил 16 ноябрда ҳоким Жаҳонгир Ортикҳўжаевни обрўсизлантириш мақсадида аудиоёзувнинг ножўя сўзлардан иборат бир ярим дақиқалик қисми (учрашув икки соат давом этган) монтаж қилиниб, номаълум шахс томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Бу ҳолат ўз навбатида оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама бўлишига сабаб бўлган.

“Kun.uz” таҳририяти ўз айбини англаган ҳолда, ҳақиқий ҳолатни маълум қилиш учун аудиоёзувнинг Жаҳонгир Ортикҳўжаевга тегишли қисмини тўлиқ эълон қилган.

Тергов олди текширувида аниқланишича, Жаҳонгир Ортикҳўжаев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмасдан, ҳақоратли ва қўпол сўзларни ишлатган.

Бироқ, унинг ножўя сўзлари умумий тарзда айтилгани, муайян шахсга қаратилмаганлиги, реал таҳдид йўқлиги боис, Жаҳонгир Ортикҳўжаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас.

Шу сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, “Kun.uz” таҳририяти ходимлари Жаҳонгир Ортикҳўжаевга нисбатан даъво ёки эътирозлари йўқлигини баён қилишди.

Лекин Жаҳонгир Ортикҳўжаев Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари”ни бузганлигини инобатга олиб, унинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Ҳукуматга мурожаат қилинди.

Шунингдек, таҳририятнинг мазкур воқеалардаги иштироки юзасидан тегишли муносабат билдириш учун ваколатли орган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хат юборилди."

Шунингдек, Sof.uz сайти Kun.Uz ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев можаросида воқеалар силсиласи тўлиқ ёритиб берган эди.

×