Сурхондарёда аёл эри томонидан аёвсиз калтакланди

Сурхондарёда аёл эри томонидан аёвсиз калтакланди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида яшовчи аёл эри томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.

ИИБнинг ёзишича, жорий йил 15 августдан 16 августга ўтар кечаси, тунги соат 02:30 да Термиз шаҳрининг Меҳрабод маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Э. ҳамда унинг турмуш ўртоғи Ж.Э. ўртасида келиб чиққан оилавий низо оқибатида фуқаро Т.Э. турмуш ўртоғининг юз-чакка ва қулоқ соҳасига уриб жароҳат етказган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилиши таъминланади.

“Ижтимоий тармоқларда келтирилган аёл турмуш ўртоғининг доимий тазйиқ ёки зўравонлиги остида бўлиб келгани важи илгари жабрланувчи ИИОга хабар бермаганини инобатга олган ҳолда, алоҳида ўрганилмоқда”, дейилади хабарда.

Тармоқларда сиздирилган хабарларда айтилишича, жабрланувчининг турмуш қурганига олти йил бўлган. У узоқ вақт давомида эридан таҳқир ва калтакларга чидаб келган. У сўнгги марта 16 август куни турмуш ўртоғи томонидан шафқатсиз калтакланган. Аёл эри ухлаб қолгунча кутиб, тонг саҳарда кичик боласи билан уйдан қочиб кетган. У уйидан деярли ҳеч нарсасиз, қўлида фақат боласини кўтариб чиққан. Калтакланганидан сўнг унинг юзида соғ жойи қолмаган.


×