Расул Кушербаев Миришкор ҳокими ҳақида: "Калтафаҳм, пасткаш шахс экан"

Расул Кушербаев Миришкор ҳокими ҳақида: "Калтафаҳм, пасткаш шахс экан"

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовга тегишлилиги айтилаётган аудиоёзув тарқалди. Таъкидланишича, воқеа туман ҳокими ва маҳалла раислари иштирокидаги йиғилишда бўлиб ўтган. Аудиоёзувда ҳоким йиғилиш иштирокчиларини пул тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун турли сўзлар билан ҳақоратлагани ва сўккани, шунингдек, баъзиларни ургани эшитилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram’даги канали орқали мазкур воқеага муносабат билдирди.

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ким бўлишидан қатъий назар раҳбарликка номуносиб, уқувсиз, билимсиз, тубан инсон эканлигини намоён этибди.

Бу инсон ўзининг бугунги Ўзбекистон келажагини қуриб бўлмайдиган ва Президент обрўсини тўкадиган калтафаҳм, пасткаш шахс эканлигини намоён қилди.

Ўртоқ ушбу «инсон»га айтар гапимиз: тинчгина ўринни бўшатиб, ҳеч ким эшитмайдиган дала-даштда истаганча бақириб юравериши. Агар ўсимлик ва дов-дарахтлар гапини эшица шунда ҳам. Хуллас борееее... Сиздақаларга ватанни қолган куни қурисин...

Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Аввалроқ Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов «Дарё» мухбири билан бўлган мулоқотда ижтимоий тармоқларда тарқалган овоз унга тегишли эканлигини тан олиб, мазкур қилмишини маҳалла раисининг беписанд муомаласи билан изоҳлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Миришкор тумани собиқ ҳокими Равшан Комилов дала майдонидан маккажўхори олаётган отахонни ҳақоратлагани учун танилган ва кейинроқ бу иши учун узр сўраган. Мазкур воқеадан кўп ўтмай Равшан Комилов ўз лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнига амалдаги ҳоким Бахтиёр Ражабов тайинланган. Мазкур тайинловгача вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёр Ражабовга сўнгги имконият берилган эди.

×