Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 68 млрд доллардан ошди

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 68 млрд доллардан ошди

Жорий йилнинг I чорагида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 68,4 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи” шарҳида келтирилган.  

Унга кўра, 2025 йил I чорагида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 68,4 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 35,8 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 32,6 млрд долларга тенг бўлган.

Ҳисобот чорагида жорий операциялар ҳисоби 160,7 млн доллар манфий сальдо билан шаклланган. Бу ўтган йилнинг мос даврида 2,1 млрд долларга тенг бўлган.

Савдо балансининг манфий сальдоси 2024 йилнинг I чорагига нисбатан 34 фоизга қисқариб, 2,6 млрд долларни ташкил қилган. Бу экспорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши шароитида импортнинг деярли ўзгаришсиз сақланиб қолиши билан изоҳланади. Хусусан, жами экспорт ҳажми 22 фоизга ошиб, қарийб 8 млрд долларни ташкил қилган бўлса, жами импорт ҳажми 10,5 млрд доллар атрофида шаклланган.

2025 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро пул ўтказмалар ҳажмининг ўсиши бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси ижобий сальдо (мос равишда 148,9 млн доллар ва 2,2 млрд доллар) билан шаклланишига сабаб бўлган.

Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги тўғридан тўғри, портфель ва бошқа инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига молиялаштирилган. Жумладан, 2025 йилнинг I чораги давомида мамлакатга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2 баробарга ўсиб, 752,3 млн долларга тенг бўлган. 

Портфель инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 1,5 млрд долларни ташкил қилган. Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига 2025 йилнинг I чораги якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий сальдоси 791,1 млн долларни ташкил этган.


Теглар:
×