Тожикистонда ҳайвонлар орасида куйдирги тарқалди

Тожикистонда ҳайвонлар орасида куйдирги тарқалди

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Тожикистонда ҳайвонларнинг куйдирги билан касалланиши бўйича 41 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси раҳбар ўринбосари Наврўз Жафаров “Asia-Plus” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатлар Горно-Бадахшон вилояти ва Рашт туманидан ташқари барча ҳудудларда аниқланган.

Куйдирги Тожикистонда одатда ёз ойларида, айниқса ўтлар қуриб қолганидан кейин кенг тарқалади. Ҳайвонлар қуруқ ўт билан бирга юқтирувчи зарралар бўлган тупроқни еб касалланади. Кейинчалик касаллик одамга ҳайвонларнинг жуни, териси ёки хом гўштини ишлов бериш орқали юқади. Куйдирги бактериялари тупроқда 80 йилгача яшай олади, аммо инфекция манбаини аниқлаш қийин, чунки чорва ҳайвонлари доимий ҳаракатда бўлади.

Жафаровга кўра, касаллик барча турдаги уй ҳайвонларига юқиши мумкин. Инсон эса юқтирилган гўшт ёки ҳайвон маҳсулотлари орқали касалланади. Бемор ҳайвонлар қатъий санитария қоидаларига мувофиқ йўқ қилиниши керак. Уларни чуқур кўмиш ҳам етарли эмас, чунки микроблар яна юзага чиқиши мумкин.

Яхши томони шундаки, бу касаллик даволанади. Сўнгги икки йилда Тожикистонда куйдиргидан ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. Вазиятни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси назоратга олган. 

2023 йилда 80 та, 2024 йилда 102 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2025 йилнинг 1 июлигача 41 та ҳолат кузатилган.

Куйдирги (Cибир яраси) – Bacillus anthracis бактерияси сабабли юзага келадиган хавфли инфекцион касаллик бўлиб, асосан ҳайвонлардан юқади. Одамларда касаллик тери, ўпка ёки меъда-ичак шаклида кечиши мумкин. Одамдан одамга юқмайди. Касаллик асосан касал ҳайвон билан алоқа қилиш ёки яхши пишмаган гўшт истеъмоли орқали юқади. Ҳатто 100 даражада қайнатилган гўшт ҳам хавфли бўлиши мумкин фақат тўлиқ қиздирилган, ичида пушти жой қолмаган гўшт хавфсиз ҳисобланади.


×