Жорий йилнинг 30 июнь куни Мексикада наркокартеллар ўртасидаги қонли тўқнашувлар туфайли 20 киши ўлдирилган. Уларнинг тўрттаси бошсиз ҳолда кўприкка осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда “New York Post” нашри хабар берди.
Синалоа штати прокуратурасининг маълумотига кўра, уларнинг барчаси ўқдан ҳалок бўлган.
“Бешта жасад бошсиз эди, шулардан тўрттаси Синалоа штатининг энг йирик шаҳри Куляканнинг яқинидаги автомобиль йўлидаги кўприкка оёғидан осиб қўйилган. Яна 15 жасад, жумладан, бешинчи бошсиз жасад, кўприкдан унча узоқ бўлмаган фургон ичидан топилган. Расмийлар яқин атрофда одамларнинг каллалари солинган пластик халта ҳам аниқланганини айтишди”, дейилади хабарда.
Ўша ердаги фургон устига Синалоада бир-бирига душман наркокартеллар ўртасидаги урушларга ишора қилувчи баннер ёпиштирилган бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида ёш йигит ва икки аёл ҳам бор.
Сўнгги пайтларда кучайган зўравонлик учун “Лос Чапитос” ва “Ла Майиза” деб аталувчи картеллар ўртасидаги курашлар сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Хавфсизлик манбаларининг таъкидлашича, улар Синалоадаги стратегик гиёҳванд модда савдоси йўналишлари учун жанг қилмоқда.
Бу икки гуруҳ ўртасида қонли тўқнашувлар ўтган йили сентябрь ойида бошланган. Можарога “Эл Чапо” номи билан танилган машҳур гиёҳванд барони Хоакин Гузманнинг ўғли томонидан душман лидерлардан бирининг ўғирлаб кетилиши ва кейин АҚШга топширилиши сабаб бўлган.
Шундан бери илгари нисбатан тинч бўлган Кулякан шаҳри доимий зўравонлик майдонига айланган. Синалоа картели ҳудуддаги назоратни йўқотмоқда. Бироқ Мексика расмийлари вазият назорат остида эканини ва уюшган жиноятчиликка қарши чора кўрилаётганини айтмоқда.
“Ҳарбий ва полиция кучлари Синалоада тўлиқ тинчликни тиклаш учун биргаликда ишламоқда”, дейди маҳаллий ҳукумат вакили Фелисиано Кастро.
Тасодифий хабарлар
18 ёшли қиз ўлимидан сўнг беш инсоннинг ҳаётини сақлаб қолди (видео)
17-ўлим! Узбекистонда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди
Отабек Умаров: «Автоулов «тонировка»си хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди. Ушбу масала кўриб чиқилмоқда»
АОКА судда журналистлар иштирокини таъминлаш учун кураш бошлади
Украина Россиядан нима хоҳлаётгани очиқланди