Эрдўғандан жиддий қадам: Туркия Президенти 10 мамлакат элчиларини “ҳайдаб солмоқчи”

Эрдўғандан жиддий қадам: Туркия Президенти 10 мамлакат элчиларини “ҳайдаб солмоқчи”

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳуқуқ фаоли ва жамоат арбоби Усмон Кавалани қамоқдан озод қилишга чақирган 10 давлат элчиларини мамлакатдан чиқариб юбормоқчи. Бу ҳақда “Daily Sabah” ёзмоқда.

“Мен Ташқи ишлар вазирига бу элчиларни имкон қадар тезроқ персона нон-грата (хушланмаган) деб эълон қилишни буюрдим”, дейди Эрдўған.

Маълумот учун, персона нон-грата, деб эълон қилинган дипломат, маълум вақтдан кечикмай, қабул қилувчи мамлакатни тарк этиши керак.

Дастлаб, АҚШ, Канада, Германия, Франция, Финляндия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Швеция ва Янги Зеландия элчихоналари тўрт йил олдин, 18 октябрда ҳибсга олинган Усмон Каваланинг озод қилинишини талаб қилиб, мурожаатнома тарқатди. Улар Туркия ҳукуматини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди талабини бажаришга ва Кавалани қўйиб юборишга чақирган.

Мурожаат эълон қилинганидан кейин элчилар Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, мамлакат ички ишларига аралашишга уринишда айбланган.

Қўшимча маълумот учун, Усмон Кавала 2017 йил ноябрь ойида Истанбулдаги Гези боғи атрофидаги оммавий намойишлар ва 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланиб ҳибсга олинган. Каваланинг айбловлари бир неча бор кўриб чиқилган, бироқ у ҳалигача қамоқда қолмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа (ИҲЕС) суди 2019 йилда Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларида Кавалани ҳибсда ушлаб туриш учун ҳеч қандай далил йўқлиги тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ Туркия ҳукумати ИҲЕС’нинг қарорига амал қилмади.

×