Исроилдаги АҚШ элчихонаси Эрон зарбасидан зарар кўрди

Исроилдаги АҚШ элчихонаси Эрон зарбасидан зарар кўрди

АҚШнинг Тель-Авивдаги элчихонаси Эрон томонидан берилган ракета зарбалари оқибатида кичик зарар кўрди, ҳеч ким жабрланмади. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бугун АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси ва консуллик идоралари ишламайди.

“АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси ва консуллик ўз жойида бошпана бериш тартиби давом этаётгани сабабли бугун ёпиқ қолади. Тель-Авивдаги элчихона биноси яқинида Эроннинг ракета зарбалари кичик зарар келтирди, аммо АҚШ ходимлари орасида қурбонлар йўқ”, деб ёзади элчи.

Давлат департаменти бир кеча-кундузда Америка Қўшма Штатларининг Қуддусдаги элчихонаси ҳамда Қуддус ва Тель-Авивдаги консуллик бўлимлари мавжуд вазият ҳамда мумкин бўлган хавфсизлик хавфлари сабабли 16 июнь куни ёпилишини билдирган маслаҳатнома чиқарди. Исроилдаги барча АҚШ ҳукумати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларидан Исроил Мудофаа кучларининг тавсияларига мувофиқ кейинги огоҳлантиришгача уйда қолишлари сўралган.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужумлари бошланганидан бери 220 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, уларнинг 90 фоизи тинч аҳоли вакилларидир. Эроннинг бир кечада уюштирган ракета ҳужумлари оқибатида Исроилда уч киши ҳалок бўлди, 70 га яқин киши жароҳатланди.

Зарбалар бир нечта йирик шаҳарларга урилди: Тель-Авивда турар-жой бинолари вайрон бўлди, ҳарбий базага зарар етказилди ва ракеталардан бири АҚШ элчихонаси яқинига тушиб, кичик зарар етказди. Ҳайфада электр станцияси ва нефтни қайта ишлаш заводи шикастланган.

Теҳрон Исроил ракеталарини бир-бирига қарши ишлашга мажбурлаб, Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини “бузган”ини даъво қилмоқда. Эрон манбаларига кўра, “ҳаво-ҳаво” русумли ракеталар душман мудофаасига қисман кириб бориш учун қўлланган бўлиши мумкин. Исроил бу даъволарга ҳозирча изоҳ бермади.

“Military Watch” маълумотларига кўра, Америка ҳаво базаларидан ёнилғи қуядиган самолётларни кенг кўламли олиб чиқиш бошланган. Таҳлилчилар бу ҳаракатларни Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши билан изоҳламоқда.


×